IT хизматлари: имкониятлар кенгаймоқда
Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 35 йиллик байрами олдидан Марҳамат тумани марказида янгитдан барпо этилган “Эрши логистика маркази” ўз фаолиятини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Аюбхон Султонов, Андижон вилояти ҳокими ўринбосарлари, туман ва шаҳар ҳокимлари, АҚШнинг қатор логистика компаниялари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокидаги марказ очилишига бағишланган тадбирда сўз олганлар томонидан ушбу марказ вилоятда тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, замонавий хизматлар кўламини кенгайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда янги иш ўринларини яратиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири эканлиги таъкидланди.

Шу ўринда таъкидлаш керак, 2026 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Андижон вилоятида IT хизматлари экспорти ҳажми 8,5 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Ўтган 2025 йил якунлари бўйича эса вилоятда мазкур йўналишдаги экспортёр корхоналар томонидан 28 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хизматлар кўрсатилди. Ушбу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан қарийб икки баробар кўпдир. Умуман, Андижон вилояти IT хизматлари экспортини амалга ошириш бўйича айни пайтда республикада Тошкент шаҳридан кейинги ўринни эгаллаб турибди.


Тадбиркор Акмалжон Жумабоев ташаббуси билан умумий қиймати 6,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳа доирасида замонавий ёндашувлар асосида барпо этилган янги логистика маркази IT хизматлари экспортини ошириш, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим роль ўйнайди.
Логистика марказида тадбиркорлар ва аҳолига юкларни қабул қилиш, сақлаш ҳамда ташиш бўйича замонавий, тезкор ва қулай хизматлар кўрсатилади. Мажмуанинг ишга туширилиши логистика хизматлари сифатини ошириш, тадбиркорлар учун янада кенг қулайликлар яратиш ҳамда ҳудуднинг иқтисодий фаоллигини кучайтиришга хизмат қилади.

Марказда 350 нафарга яқин фуқаронинг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган. Айниқса, чет тилларини пухта эгаллаган, замонавий билим ва кўникмаларга эга ёшлар учун истиқболли, замонавий ва юқори даромадли иш ўринларининг яратилганлиги лойиҳанинг ўзига хос жиҳатларидан биридир.

“Эрши логистика маркази”нинг фаолият бошлаши нафақат янги иш ўринлари, балки ёшларнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши, замонавий касбларни эгаллаши ҳамда муносиб даромад топиши учун янги имкониятлар эшигини очади. Ҳозирнинг ўзида бу ерда 270 нафар марҳаматлик ёшлар доимий иш ўрнига эга бўлди.
Шунингдек, мажмуа ҳудудида аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун кўнгилочар масканлар, ошхона ва кафелар ҳам ташкил этилган.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари