Енгил тан жароҳати етказганлик учун қандай жавобгарлик мавжуд?
Енгил тан жароҳати етказганлик учун айбдор шахс жароҳатнинг келиб чиқиш сабаби ва етказилиш оғирлик даражасига қараб маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилади.
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Айгерим Ариббаева бу борада қуйидагиларни маълум қилди:
– Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддасига кўра эҳтиётсизлик орқасида енгил тан жароҳати етказиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Қасддан енгил тан жароҳати етказиш, бу ҳаракат соғлиқнинг қисқа муддат ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятини унча кўп давом этмайдиган турғун тарзда йўқотишга олиб келмаган бўлса, башарти ушбу Кодекснинг 59 прим 2 -моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлмаса, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан тўрт бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Жиноят кодекси 109-моддасига биноан соғлиқнинг қисқа вақт, яъни олти кундан ортиқ, аммо йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқотилишига сабаб бўлган қасддан баданга енгил шикаст етказиш ушбу Кодекснинг 126 прим 1-моддасида (оилавий зўравонлик) назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар, жумладан, диний таассублар замирида, бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд шу гуруҳ манфаатларини кўзлаб, қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб содир этилган бўлса бир йилдан икки йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Асос: 1.Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси,
2.Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси.
Гулноза Бобоева, ЎзА