Иқтидорли ёшлар юрт келажагини белгилаб беради
Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим соҳасини ривожлантириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг иқтидорини юзага чиқаришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Замонавий таълим муҳити, халқаро стандартлар асосидаги ўқув дастурлари, фан олимпиадалари тизимининг такомиллаштирилиши ҳамда иқтидорли ёшларни рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Натижада халқаро фан олимпиадаларида юқори натижаларни қўлга киритаётган ўзбекистонлик ёшлар сони йил сайин ортиб бормоқда. Ана шундай иқтидорли ёшлардан бири Навоий вилояти Кармана туманида туғилган Жасур Мустафоевдир.
У 8-синфгача Кармана туманидаги 21-мактабда таҳсил олди. Ёшлигиданоқ билим олишга чанқоқ бўлган Жасур мактабгача бўлган даврда каратэ ва шахмат билан шуғулланди. Бу машғулотлар унда интизом, сабр-тоқат ва мантиқий фикрлаш кўникмаларини шакллантирди.

Унинг фанларга бўлган қизиқиши жуда эрта намоён бўлди. Биринчи синфдаёқ математика фанидан туман олимпиадасида 1-ўринни эгаллаши унинг билимга бўлган интилиши ва иқтидорини кўрсатди. Кейинчалик инглиз тилини чуқур ўрганишга киришиб, турли танлов ва олимпиадаларда иштирок этди.
Кейинчалик у халқаро олимпиадаларда иштирок этишни мақсад қилиб, кимё фанини ўрганишни бошлади. Унинг қатъияти ва меҳнатсеварлиги қисқа вақт ичида ўз натижасини берди. Орадан кўп ўтмай Республика фан олимпиадасида кимё фанидан 1-ўринни қўлга киритди.
9-синфдан бошлаб у Навоий шаҳридаги 11-мактабда таҳсилни давом эттирди. Бу ерда тажрибали устоз Сардор Самадов раҳбарлигида халқаро олимпиадаларга тайёргарлик кўра бошлади. Устоз ва шогирднинг изчил меҳнати натижасида Жасур халқаро майдонда ҳам муносиб натижаларни қайд эта бошлади.
2024-2025 ўқув йили унинг халқаро майдондаги илк йирик муваффақиятлари билан ёдда қолди. У Руминияда ўтказилган Халқаро ўсмирлар фан олимпиадасида бронза медалини қўлга киритди. Шунингдек, Ўзбекистонда ташкил этилган Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро кимё олимпиадада кумуш медаль соҳибига айланди.

2025-2026 ўқув йилида эса у янада юқори натижаларга эришди. Дунёнинг нуфузли фан мусобақаларидан бири ҳисобланган Халқаро Менделеев олимпиадасида кумуш медал соҳибига айланди. Бу натижа унинг кимё соҳасидаги билимлари халқаро даражада эътироф этилганини англатади.
Жасурнинг ютуқлари фақат олимпиадалар билан чекланиб қолмади. У АКFA ва CAU ҳамкорлигида ташкил этилган нуфузли олимпиадада 2-ўринни эгаллаб, тиббиёт йўналиши бўйича 810 миллион сўмлик 6 йиллик грантни қўлга киритди. Бу эса мамлакатимизда иқтидорли ёшларни рағбатлантириш ва уларнинг келажакда юқори малакали мутахассис бўлиб етишиши учун яратилаётган имкониятларнинг яна бир кўринишидир.

Бугун Жасур Мустафоев ўзининг энг муҳим марраларидан бирига яқинлашмоқда. У Халқаро кимё олимпиадаси учун Ўзбекистон терма жамоаси саралаш босқичида 2-ўринни эгаллаб, мамлакат терма жамоаси сафидан ўрин олди. Энди у 10-19 июль кунлари бўлиб ўтадиган дунёнинг энг нуфузли кимё олимпиадаларидан бирида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади
Бугун юртимизда ёшларга яратилаётган шарт-шароитлар, таълим соҳасидаги ислоҳотлар ва иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Жасур каби ёшларнинг халқаро майдонларда қўлга киритаётган ютуқлари эса Янги Ўзбекистоннинг интеллектуал салоҳияти ва ёруғ келажагининг ёрқин ифодасидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири