Болалар ёзни мароқли ўтказади
Таътил кунларини мазмунли ва мароқли ўтказиш мақсадида Наманган вилоятидаги мавжуд тўққизта оромгоҳда давом этаётган дастлабки мавсумда 1 минг 600 га яқин бола мароқли ҳордиқ чиқармоқда. Уларда мароқли ҳордиқ чиқараётган 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган мактаб ўқувчиларининг саломатлиги мустаҳкамланяпти.
Ёзги таътил болалар учун мазмунли дам олиш, билим ва иқтидорини янада ривожлантиришда катта имконият демакдир. Шу боисдан ҳар йили минглаб ўқувчилар сўлим ва баҳаво масканларда жойлашган оромгоҳлар ҳамда мактаблар қошида очилган кундузги соғломлаштириш масканлари томон интилади.
Юртимизда ёзнинг жазирама кунлари ҳукм сураётган айни кунларда оромгоҳлар болажонлар билан файзли ва завқли бўлади. Таътил кунларини мазмунли ва мароқли ўтказиш мақсадида Наманган вилоятидаги мавжуд тўққизта оромгоҳда давом этаётган дастлабки мавсумда 1 минг 600 га яқин бола ҳордиқ чиқармоқда. Уларда 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган мактаб ўқувчиларининг саломатлиги мустаҳкамланяпти.


Таъкидлаш жоизки, вилоятдаги оромгоҳларда мавсумни кўтаринки руҳда ташкил этиш ва ўтказиш борасида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳамда унинг Болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти томонидан салмоқли ишлар амалга оширилди.
Мавсумга тайёргарлик жараёнида тоғ ён бағирларига ястанган “Нанай”, “Оби ҳаёт”, “Меҳржон”, “Бинафша”, “Заркент”, “Норин”, “Соҳил” каби оромгоҳларда мутасадди ташкилотлар тавсиялари асосида мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида қурилиш таъмирлаш ишлари бажарилди.

Жумладан, Чуст туманидаги “Меҳржон” оромгоҳи 120 ўринга мўлжалланиб, таътил давомида 480 болани соғломлаштириш режалаштирилган. Маскан ҳудуди бегона ўтлар ва чиқиндилардан тозаланиб, мевали ва манзарали дарахтлар экилди. 160 ўринга мўлжалланган Норин туманидаги “Норин” болалар оромгоҳи уч мавсумда 640 нафар болажонга хизмат кўрсатади. Оромгоҳ ҳовлиси ва барча хоналари зарур воситалар билан жиҳозланди. Косонсой туманидаги 400 ўринга мўлжалланган “Нанай” оромгоҳида ёз фаслида 1 минг 600 ўқувчи мириқиб дам олади. Бунинг учун барча шароитлар яратилган. Маскан ҳудудида мевали ва манзарали дарахтлар экилиб, хоналар қаттиқ ҳамда юмшоқ мебеллар билан жиҳозланган. Беш маҳал иссиқ овқат эса рацион ва соғлом турмуш тарзи талаблари асосида берилмоқда.
Наманган вилоятида 2026 йил ёзги таътилда оромгоҳларга мавсумий ишга номзодларни қабул қилиш бўйича махсус электрон платформа орқали 1 минг 350 нафар номзод ариза топширди. Республика ишчи гуруҳи томонидан 27 бош тарбиячи лавозимига номзодлар билан суҳбат ўтказилиб, улардан тўққиз нафари саралаб олинди. Вилоятдаги тўққиз оромгоҳга жами 161 нафар ходим ишга қабул қилинди. Шу жумладан, тўққиз катта тарбиячи, 48 тарбиячи, 48 етакчи, тўққиз нафардан сузиш юриқчиси, спорт мураббийи, мусиқа раҳбари ва кутубхоначи ҳамда тўрт тўгарак раҳбари ёзги мавсумда болажонларга ғамхўрлик қилади.


– Бугунги кунда вилоятимиздаги соғломлаштириш оромгоҳларида барча шарт-шароитлар яратилган. Эртамиз эгаларини ёзги дам олишларини кўнгилдагидек ўтказишларини таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар билан тегишли чора-тадбирлар режаси амалга оширилмоқда, – дейди Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш Департаменти Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Илҳомжон Икромов. – Жорий йил ёз мавсумида оромгоҳларга 6 минг 250 нафар ёш қамраб олинади. Шунингдек, вилоятдаги 70 та умумтаълим мактабида кундузги дам олиш масканлари ташкил этилиб, уларда ҳам 10 минг 500 нафар болани дам олдириш режалаштирилган. Бошқарма тасарруфидаги барча ёзги дам олиш масканлари қайта жиҳозланиб, болаларга мўлжалланган ётоқхона, шинам ошхона, компьютер хонаси, бассейн, кичик футбол майдони ҳамда 22 минг дона китоб фондига эга бўлган кутубхоналар ўғил-қизларимизга беминнат хизмат кўрсатиб келмоқда.
Қувонарлиси шундаки, ёзги таътил давомида барча қатламлардаги болажонлар оромгоҳларга жалб этилади. Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 8 майдаги “Камбағал оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига кўра, жорий йилда махсус реестрга киритилган эҳтиёжманд оилалардаги 3 минг 750 нафар аълочи ўқувчини дам олиш ва соғломлаштириш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.
Мавсум давомида ҳудудларда интеллектуал ривожлантириш, экологик-биологик ва ўлкашунослик, техник ижодкорлик, ижтимоий мослашув, тарбия ва спорт соғломлаштириш, бадиий ижодиёт йўналишларига эътибор берган ҳолда болаларни дам олишларини ташкиллаштириш кўзда тутилган.

Оромгоҳларда турли мавзулардаги тадбирлар болажонларнинг мазмунли дам олишига замин яратмоқда. Хусусан, мазкур оромгоҳда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги ҳарбий қисм билан ҳамкорликда “Ҳарбий ватанпарварлик куни” тадбири ўтказилди. Бу тадбир болаларнинг қалбида келажакда мард ва жасур юрт хизматчилари бўлишдек эзгу орзулар қанот ёздирган бўлса ажаб эмас.
Барча оромгоҳларда мавсумий педагог кадрлар танлаб олинган бўлиб, ҳозирда улар болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга яқиндан кўмаклашмоқда. Дарҳақиқат, 12 кунлик намунавий дастур ишлаб чиқилган бўлиб, ҳар бир дам олиш масканида ўғил-қизлар “Ёш ижодкор”, “Ёш ватанпарвар”, “Ёш ихтирочи”, “Ёш китобхон”, “Ёш конструкторлар” каби турли тўгаракларга қамраб олинган.

Шунингдек, болаларда ватанпарварлик туйғусини ошириш мақсадида оромгоҳларга яқин ҳарбий қисм, миллий гвардия, ички ишлар ва фавқулодда вазиятлар бошқармаларидан ходимлар таклиф этилиб, ўзларининг жанговар кўринишлари билан иштирок этмоқда. Бундан ташқари, оромгоҳларда кўнгилочар тадбирлар “Заковат”, қувноқ стартлар соғломлаштириш ўйинлари, “Мен севган эртак қаҳрамони” расмлар танлови, “Эртаклар яхшиликка етаклар!” шиори остида маданий тадбирлар ўтказилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.