ИИВ: туманларда тинчлик-осойишталик ва жамоат хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга эътибор қаратилмоқда
Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” доирасида ҳудудларда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Баҳодир Мирзараҳимов Миробод тумани бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси шахсий таркиби билан ўтказган йиғилишда шу масалага эътибор қаратди.
Туман ҳудудида 2026 йилнинг 8 ойи давомида тезкор-криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикасини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.
Эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда, йўл қўйилган камчиликлар ҳам танқидий-таҳлилий руҳда муҳокама қилинди. Айниқса, жиноятларнинг олдини олиш, профилактик ҳисобда турган шахслар билан манзилли ишлаш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишда ҳар бир ходимдан хизмат вазифаларига масъулият билан ёндашиш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлашда замонавий ёндашувларни кенг жорий этиш талаб этилди.
Маҳаллаларда аҳоли билан яқин мулоқотни йўлга қўйиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишда ҳамкорлик механизмларини кучайтириш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига имкон берувчи омилларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Йиғилиш якунида белгиланган вазифалар ижросини қатъий назоратга олиш, ҳар бир ҳудуд ва йўналиш кесимида масъулиятни ошириш ҳамда туманда тинчлик-осойишталик ва жамоат хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш юзасидан тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Бундай тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – Миробод туманида барқарор ва хавфсиз муҳитни таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли осойишталигини асраш ҳамда ички ишлар органларининг жамоатчилик билан ҳамкорлигини янада кучайтиришдан иборат.
Н.Абдураимова, ЎзА