Фуқаро фойдасига моддий зарар ундирилди
Жиноят ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг 2026 йил 7 июндаги ижро варақасига асосан қарздор Б.О. дан ундирувчи Ш.Р. фойдасига 10 миллион сўм миқдорида моддий зарар ундириш белгиланган эди.
Мазкур суд ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида ижро ҳужжати Бюронинг Кармана туман бўлими иш юритувига қабул қилиниб, ижро иши қўзғатилган. Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунининг 23-моддасига мувофиқ, қарздорга ижро ҳужжати талабларини ихтиёрий равишда бажариш учун муддат берилган. Шунингдек, мазкур қонуннинг 42¹-моддасига асосан қарздор Б.О.нинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан четга чиқиш ҳуқуқига вақтинча чеклов ўрнатилган.
Ижро ҳужжати талабларини таъминлаш ҳамда қарздорнинг мол-мулкларини аниқлаш мақсадида қонуннинг 21- ва 87-моддаларига асосан тегишли ташкилотларга сўровномалар юборилган. Олинган маълумотларга асосан қарздорга тегишли аниқланган мол-мулкларга тақиқ қўйилган.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздор Б.О.дан ижро ҳужжатида кўрсатилган 10 миллион сўм пул маблағи тўлиқ ундирилиб, ундирувчи Ш.Р. га белгиланган тартибда тилхат асосида топширилди. Шу тариқа, ижро ҳужжати талаби амалда тўлиқ таъминланиб, ижро иши Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунининг 41-моддаси биринчи қисмига асосан тамомланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири