Табиат бағридаги ижод – экологик масъулият ифодаси
16 сентябрь - Халқаро озон қатламини ҳимоя қилиш куни муносабати билан Ўзбекистон Экологик партияси Навоий вилояти Кенгаши, Навоий давлат университети Санъат ва спорт факультети, Ёшлар иттифоқи кенгаши ҳамда вилоят “Ёш экологлар” ҳаракати кенгаши ҳамкорлигида талабалар ўртасида расмлар танлови ташкил этилди.
Бугун атроф-муҳитни асраш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш ва экологик мувозанатни таъминлаш инсоният олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Бу жараёнда Ернинг ўзига хос табиий қалқони бўлган озон қатламини муҳофаза қилиш ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, озон қатлами Қуёшдан келадиган зарарли ультрабинафша нурларнинг катта қисмини тутиб қолиб, сайёрамиздаги ҳаёт хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Танловнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у анъанавий аудитория ёки ёпиқ залда эмас, балки очиқ осмон остида, табиат қўйнида ўтказилди. Бу эса ёш ижодкорларга табиатни бевосита кузатиш, унинг ранг-баранг манзараларидан илҳомланиш ва экологик ғояларни тасвирий санъат орқали ифодалаш учун кенг имконият яратади.

– Озон қатламини ҳимоя қилиш бутун инсоният учун умумий аҳамиятга эга. Бу борада ёшларнинг хабардорлиги ва фаол фуқаролик позициясини шакллантириш муҳим. Экологик мавзуларни санъат орқали ёритиш эса ёшларнинг ушбу масалага қизиқишини янада оширишга хизмат қилади, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Навоий вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Гулрух Зоҳидова. – Ижодий ишларида талабалар озон қатламини муҳофаза қилиш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, табиатга меҳр ва масъулият билан муносабатда бўлиш каби ғояларни акс эттирдилар. Айрим асарларда инсон ва табиат ўртасидаги узвий боғлиқлик тасвирланган бўлса, бошқаларида мусаффо осмон, яшил табиат, экологик тоза муҳит ва барқарор келажак ғоялари ранглар орқали ифодаланди.

Танлов якунида ғолиблар ва фаол иштирокчилар муносиб тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири