Ўзбекистон ва БМТ: наркотиклар ва трансмиллий жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорлик кучайтирилади
Ўзбекистон Республикаси Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлигида БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича (НЖБ) Афғонистон, Марказий Осиё, Эрон ва Покистондаги минтақавий бошқармаси вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси ва БМТ НЖБ ўртасида наркотиклар ва трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларига эътибор қаратилди.
Жорий йил 26 сентябрь-2 октябрь кунлари Абу-Дабида ўтказилиши режалаштирилаётган БМТнинг Уюшган жиноятчилик ва одил судлов бўйича комиссиясининг 15-конгресси доирасида мамлакатимиз билан ҳамкорликда ташкил этиладиган тадбирлар режаси кўриб чиқилди.

БМТнинг Яқин ва Ўрта Шарқда наркотиклар ва унга алоқадор масалалар бўйича кичик комиссиясининг 58-сессиясини жорий йил ноябрь ойида Ўзбекистонда ўтказиш бўйича фикр алмашилди.
Учрашувда “Трансмиллий наркожиноятларга қарши курашишда идоралараро мобил гуруҳлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва салоҳиятини ошириш орқали наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш” лойиҳасининг 4-босқичи доирасида амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди.
Томонлар белгиланган йўналишлар бўйича ҳамкорликни изчил давом эттириш, ўзаро тажриба алмашиш ва амалий лойиҳаларни самарали татбиқ этиш муҳимлигини таъкидлади.
Н.Абдураимова, ЎзА