Ҳужжатлар энди электрон шаклда бўлади
Бугун ҳаётимизнинг деярли барча жабҳаларига чуқур кириб бораётган рақамли технологиялар қурилиш соҳасида ҳам янги имкониятлар эшигини очмоқда. Илгари кўп вақт ва қоғозбозликни талаб қилган жараёнлар энди электрон шаклга ўтиб, қурилиш ишларини назорат қилиш, ҳужжатларни расмийлаштириш ва маълумотларни сақлашда қулайлик яратмоқда.
Айниқса, давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда барча соҳаларни рақамлаштириш, бошқарув жараёнларида шаффофликни таъминлаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва замонавий технологиялардан кенг фойдаланишга қаратилган ислоҳотлар қурилиш соҳасида ҳам ўзининг амалий самарасини бермоқда.
Шу мақсадда Бухоро вилояти ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан қурилиш объектларида ижро ҳужжатларини электрон шаклда юритиш тартибига бағишланган амалий ўқув семинари ташкил этилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 4 июндаги Фармонида белгиланган янги талабларни қурилиш соҳаси вакилларига кенг тушунтириш, уларни амалиётга самарали татбиқ этиш ҳамда рақамли платформалардан фойдаланиш кўникмаларини ошириш мақсадида ўтказилди.
Семинарда Бухоро ва Когон шаҳрида фаолият юритаётган қурилиш ташкилотлари вакиллари, ички ва техник назорат мутахассислари, шунингдек, қурилиш жараёнининг бошқа иштирокчилари қатнашишди.
Тадбирнинг эътиборли жиҳати шундаки, иштирокчиларга янги талаблар фақат назарий жиҳатдан тушунтирилибгина қолмай, балки уларни амалда қўллаш тартиби ҳам кўргазмали равишда намойиш этилди.

Хусусан, nazorat.mc.uz электрон платформасининг имкониятлари батафсил тушунтирилиб, унда ишлаш жараёни босқичма-босқич кўрсатиб берилди.
Энди қурилиш жараёнида муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қатор ҳужжатларни электрон шаклда юритиш имконияти мавжуд. Жумладан, “Муаллифлик назорати”, “Умумий ишлар”, “Кириш назорати”, “Бетон ишлари” журналлари, шунингдек, “Ёпиқ ишлар” далолатномаларини электрон тарзда расмийлаштириш жараёни амалий мисоллар асосида намойиш этилди.
Бу эса қурилиш объектларида ҳужжатларни юритиш жараёнини сезиларли даражада енгиллаштириши, маълумотларни тизимлаштириши ва назорат самарадорлигини ошириши билан аҳамиятлидир.
Қурилиш соҳасида ҳар бир босқич ўз вақтида ва белгиланган талаблар асосида ҳужжатлаштирилиши муҳим. Чунки ижро ҳужжатлари объектда бажарилган ишларнинг сифати, кетма-кетлиги ва белгиланган меъёрларга мувофиқлигини тасдиқловчи муҳим воситалардан бири ҳисобланади.
Уларнинг электрон шаклга ўтказилиши эса нафақат қоғоз ҳужжатлар ҳажмини қисқартириш, балки зарур маълумотларни тезкор топиш, сақлаш ва назорат қилиш имконини ҳам беради.
Энг муҳими, рақамли тизим қурилиш жараёни иштирокчилари ўртасидаги муносабатларни янада аниқ ва шаффоф ташкил этишга хизмат қилади. Ҳар бир ҳужжатнинг электрон тарзда расмийлаштирилиши масъулиятни ошириб, иш жараёнидаги инсон омили билан боғлиқ айрим камчиликларнинг олдини олишга замин яратади.

Бу ўз навбатида, қурилиш объектларида сифат ва хавфсизлик талабларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Семинар давомида иштирокчиларга электрон ҳужжатларни шакллантириш, уларни тизимга киритиш ва тегишли тартибда расмийлаштириш бўйича амалий тавсиялар тақдим қилинди.
Мутахассислар томонидан қурилиш ташкилотлари вакилларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилиб, амалиётда учраши мумкин бўлган ҳолатлар юзасидан тушунтиришлар берилди.
Бундай очиқ мулоқотлар эса янги тизимни амалиётга жорий этишда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, рақамли ислоҳотларнинг самараси нафақат янги платформанинг яратилиши, балки ундан фойдаланувчиларнинг билим ва кўникмаларига ҳам бевосита боғлиқ.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири