Ҳунардан ризқ, меҳнатдан барака унар
Бир вақтлар бир хонадон доирасида асраб-авайланган ҳунар бугун ўнлаб оилаларга даромад, ўнлаб хотин-қизларга эса иш ва ўз меҳнати билан муносиб ҳаёт кечириш имконини бермоқда. Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги кўплаб хонадонлар мисолида миллий ҳунармандчиликнинг нафақат маънавий, балки иқтисодий қудрати ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Бухоро замини азалдан ҳунармандликнинг бешиги сифатида танилган. Бу заминда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган касб-ҳунарлар бугун ҳам ўз қимматини йўқотгани йўқ. Аксинча, замонавий бозор талаблари билан уйғунлашиб, аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий даромадни ошириш ва миллий қадриятларни асраб қолишнинг муҳим омилига айланмоқда.
Туманнинг Манғитондиёр қишлоғида яшовчи Дилшод Ғайиров фаолияти ана шундай ибратли ташаббуслардан бири. У бир неча йилдан буён миллий ҳунармандчиликнинг ўзига хос ва нозик йўналишларидан бири — патдўзлик билан шуғулланиб келмоқда. Бу оддий меҳнат эмас. Ҳар бир маҳсулот ортида сабр, дид, маҳорат ва миллий анъаналарга бўлган ҳурмат мужассам. Тайёрланаётган миллий маҳсулотлар нафақат маҳаллий аҳоли эътиборини тортмоқда, балки Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари бозорларига ҳам етказиб берилмоқда. Демак, бир хонадонда бошланган ҳунар аста-секин ўз харидорларини топиб, бошқа ҳудудларга ҳам кириб бормоқда. Бу эса миллий ҳунармандчилик маҳсулотларига бўлган талаб борлигини, энг муҳими, анъанавий касбларни замонавий иқтисодий фаолият билан уйғунлаштириш мумкинлигини кўрсатади.
Бугун Дилшод Ғайиров хонадонида 10 нафар ишчи доимий равишда меҳнат қилмоқда. Яна бир эътиборли жиҳати — ҳудуддаги шунча ишсиз хотин-қиз касаначилик асосида иш билан таъминланган. Улар ўз хонадонларида меҳнат қилиб, оиласига қўшимча даромад киритмоқда. Уларнинг ойлик даромади 3 миллион сўмгача етиши эса касаначилик ва оилавий тадбиркорликнинг аҳоли фаровонлигини таъминлашдаги ўрнини яққол кўрсатиб турибди. Бу ерда рақамлар ортида оддий инсонларнинг тақдири бор.


Кимдир оиласига қўшимча даромад топмоқда. Кимдир уйидан чиқмаган ҳолда касб эгаллаб, меҳнат қилмоқда. Яна кимдир йиллар давомида ўрганган ҳунарини фарзандларига ўргатиб, миллий анъананинг узвийлигини таъминламоқда. Энг муҳими, меҳнат инсонга нафақат даромад, балки ўз кучига ишонч, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиш ҳиссини ҳам беради.
Бугун мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, касаначиликни кенгайтириш ва миллий ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлат раҳбари ташаббуси билан ҳудудларда аҳолига ўзини ўзи банд қилиш, касб-ҳунар ўрганиш, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш ва меҳнат орқали даромад топиш учун имкониятларни кенгайтиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу сиёсатнинг энг муҳим жиҳати шундаки, инсонга тайёр ёрдам бериш билан чекланиб қолинмай, унинг ўз меҳнати орқали даромад топиши учун шароит яратиш устувор вазифага айланмоқда.
Ғиждувондаги мазкур хонадон фаолияти ҳам ана шу имкониятлардан самарали фойдаланишнинг амалий намунасидир.


Ҳунарманднинг режалари эса бу билан чекланмайди. Келгусида фаолиятни янада кенгайтириш ва 30 нафардан ортиқ хотин-қизни иш билан таъминлаш мақсад қилинган. Бу режа амалга ошса, бир хонадонда бошланган ҳунар янада кенгайиб, ўнлаб оилаларнинг доимий даромад манбаига айланади.
Энг муҳими, бу жараёнда миллий ҳунармандчиликнинг ўзига хос мактаби ҳам шаклланади. Бугун устоздан ҳунар ўрганаётган шогирд эртага ўз шогирдига эга бўлиши мумкин. Шу тариқа бир ҳунар бир инсондан бошланиб, бутун маҳаллага тарқалади.
Аслида, ҳунармандчиликнинг қадри фақат унинг бозордаги нархи билан ўлчанмайди. Унда халқнинг тарихи, диди, турмуш тарзи, эстетик қарашлари ва авлодлар хотираси мужассам. Шу боис ҳар бир қўл меҳнати билан яратилган миллий буюм — оддий маҳсулот эмас. У халқимизнинг бой маданий меросини намоён этувчи кичик, аммо қимматли бир асардир.
Айниқса, бугун ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи долзарб бўлиб турган бир пайтда бундай ташаббусларнинг аҳамияти янада ортади.
Ғайиров Дилшоднинг хонадонда йўлга қўйган фаолияти ана шу ҳақиқатни исботламоқда: ҳунар бор жойда иш, иш бор жойга эса барака ёғилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири