Ховосободликлар режани ортиғи билан бажарди
Ховос туманида пилла мавсуми қизғин паллага кирган кунларда Ховособод маҳалласи аҳли қувончли натижага эришди. Маҳалла пиллакорлари жорий йил учун белгиланган режани 112,5 фоизга бажариб, туманда ва вилоятда биринчи бўлиб маррага етганлар сафидан жой олди.
Бу натижа ортида, аввало, юртдошларимизнинг заҳматкашлиги, сабр-тоқати ва меҳнатга бўлган садоқати мужассам. Зеро, пиллачилик ташқи томондан қараганда оддий юмушдек кўринса-да, ипак қуртини парваришлашга катта масъулият ва узлуксиз эътибор зарур. Айниқса, пилла қуртларини белгиланган ҳароратда сақлаш, ўз вақтида озиқлантириш, тозаликка қатъий амал қилиш каби ишлар тун-у кун меҳнатни талаб қилади. Шу боис халқимиз азалдан пиллани “кумуш тола” дея эъзозлаб келади. Чунки унинг ҳар бир толасида инсон меҳнати, ризқ ва хонадонлар фаровонлиги мужассам.

Маълумотларга кўра, бу йил Ховос туманида аҳолига жами 1 минг 383 қути ипак қурти тарқатилган бўлиб, улар 571 нафар пиллакор хонадон томонидан парвариш қилинмоқда. Белгиланган режага асосан, туман пиллакорлари давлатга 83 тоннадан зиёд қимматбаҳо пилла етказиб беришни мақсад қилган.

Қувонарлиси, бугунги кунда айрим маҳаллаларда режалар муддатидан олдин бажарилмоқда. Ана шундай фаол ҳудудлардан бири бўлган Ховособод маҳалласида пиллачиликка оилавий меҳнат сифатида ёндашилгани, тажрибали пиллакорлар маслаҳатлари ҳамда уюшқоқлик юқори натижаларга замин яратди.

Маҳалла пиллакорлари таъкидлашича, бу йил мавсум давомида ипак қуртларини парваришлаш учун барча шароитлар яратилди. Айниқса, пилла қуртини ўз вақтида озуқа билан таъминлаш, мутахассислар томонидан амалий кўмак берилиши муҳим аҳамият касб этди.

Бугун пиллачилик қишлоқ аҳолиси учун нафақат даромад манбаи, балки бандликни таъминлаш, хонадонлар фаровонлигини мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ховособод маҳалласи пиллакорларининг бу ютуғи эса юртда меҳнат қилаётган инсон қадри ва заҳмати эъзозланаётганининг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири