Ховосда йўл инфратузилмаси янгиланмоқда
Ховос туманида йўл инфратузилмасини яхшилаш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича жорий йилнинг 9 ойида 8 миллиард сўмга яқин ишлар амалга оширилди. Бу ҳақда туман йўллардан фойдаланиш корхонаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Анжуманда таъкидланишича, маҳаллий аҳамиятга эга автомобиль йўлларининг 126 километрида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 86 та янги йўл белгиси ўрнатилиб, 58 километрда йўл чизиқлари ва 12 та пиёдалар ўтиш жойига чизиқлар тортилган.. Бу ишлар аҳолининг хавфсиз ва қулай ҳаракатланишига хизмат қилмоқда.

Шунингдек, халқаро аҳамиятга эга А-376 “Қўқон–Жиззах” йўлининг 40 километрида 14 та янги йўл белгиси ўрнатилиб, 23 километрида чизиқлар янгиланди. Ҳайдовчиларни огоҳлантириш мақсадида икки нуқтада шовқин чиқарувчи чизиқлар тортилди. Йўлдаги нуқсонларини бартараф этиш учун 570 миллион сўм, сақлаш ишларига эса 465,9 миллион сўм сарфланган.

Бундан ташқари, М-34 “Тошкент–Душанбе” йўлининг 20 километрида 33 та янги йўл белгиси ўрнатилиб, 5 километрида чизиқлар янгиланди. Ҳайдовчилар эҳтиёткорлигини ошириш мақсадида 2 та жойда шовқин чиқарувчи чизиқлар тортилиб, 30 миллион сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Йўлларнинг қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ҳам назардан четда қолмаган — бу йўналишда 27,3 миллион сўмлик ишлар бажарилди.

Давлат аҳамиятидаги Д042 “Янгиер – Пахтакор – Д050” йўлининг 21 километрида 12 та янги йўл белгиси ўрнатилиб, 120 миллион сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, М-34 “Тошкент–Душанбе” трассасининг 125–131 (139–145) километр қисмида йўлни қайта қуриш бўйича 2,4 миллиард сўмлик ишлар бажарилгани қайд этилди.

Бундан ташқари, Янгиер шаҳридаги 10 та кўчада (4,3 км) 1,87 миллиард сўмлик асфальт қопламасини янгилаш ишлари, Ховос туманидаги 36 та кўчада (16,6 км) эса 5, 75 миллиард сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Анжуманда журналист ва блогерлар йўлларнинг сифат назорати, хавфсизлик ва қиш мавсумига тайёргарлик бўйича саволлар беришди. Шундан сўнг, мутасаддилар иштирокчиларни йўлларни рақамли мониторинг қилиш ва хавфсизлик тизимини такомиллаштиришга оид режалар билан таништиришди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири