Корея тажрибаси: Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя рақамлаштирилади
Ижтимоий ҳимоя тизимининг самарадорлиги нафақат кўрсатилаётган хизматлар кўлами, балки уларнинг аҳолига қанчалик тез, қулай ва манзилли етказилиши билан ҳам белгиланади.
Бу борада Жанубий Кореянинг рақамли технологияларга асосланган тажрибаси алоҳида аҳамиятга эга. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги делегациясининг Корея Республикасидаги икки ҳафталик ўқув курси якунланди.
Қайд этилишича, дастлабки ҳафтада мамлакатнинг пенсия тизими ўрганилган бўлса, 2–6 ноябрь кунлари ижтимоий ҳимояни рақамлаштириш ва давлат хизматларини аҳолига қулай шаклда етказиш тажрибасига эътибор қаратилди. Делегация аъзолари Сежон шаҳрида 12 минг давлат хизматини бирлаштирган “Ҳукумат 24” портали ҳамда фуқароларни ўзларига тегишли имтиёзлар ҳақида олдиндан хабардор қилиш хизмати билан танишди.
Хизмат сафари давомида Корея Ижтимоий таъминот ахборот хизмати — SSiS фаолияти ҳам ўрганилди. Ушбу тизим 469 та ташкилот маълумотларини бирлаштириш орқали аризаларни кўриб чиқиш муддатини 60 кундан 14 кунгача қисқартириш имконини берган. Шунингдек, ижтимоий ходимлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга хизмат қилувчи сунъий интеллект ечимлари тақдим этилди. Ўрганилган тажриба асосида делегация иштирокчилари икки ишчи гуруҳга бўлиниб, Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя соҳасини янада такомиллаштиришга қаратилган амалий ҳаракатлар режаларини ишлаб чиқди. Уларда эҳтиёжманд аҳолига кўрсатилаётган ёрдам чораларини соддалаштириш ва рақамлаштириш, ижтимоий реестр мезонларини такомиллаштириш орқали ёрдамнинг манзиллилигини ошириш, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий хизматлар кўрсатишдаги иштирокини кенгайтириш бўйича таклифлар илгари сурилди. KOICA, Hyundai тадқиқот институти ва Корея Миллий пенсия хизмати ҳамкорлигида ташкил этилган ўқув курсини муваффақиятли якунлаган 17 нафар иштирокчига KOICA сертификатлари топширилди.
Ўқув давомида ўзлаштирилган илғор тажриба 2027–2028 йилларга мўлжалланган лойиҳа доирасида ишлаб чиқилган ҳаракатлар режаларини амалга оширишда қўлланади. Бу эса Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя хизматларини янада такомиллаштириш, аҳолига кўрсатилаётган ёрдамнинг тезкорлиги ва манзиллилигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА