Ўзбекистон ва Россия медиа ҳамкорлиги: янги лойиҳалар, умумий мақсад ва ишончли ахборот макони
Тошкентда III Ўзбекистон – Россия медиа форуми давом этяпти.
Анжуманда иштирок этган Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Коммуникациялар департаменти директори Шерзод Асадов мамлакат медиа соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ахборот хавфсизлиги ва икки томонлама ҳамкорлик истиқболига тўхталди.

Унинг таъкидлашича, ахборот мамлакат тараққиётининг муҳим омилига айланган.
– Ахборот мамлакат қиёфасини шакллантиради, халқларимиз ўртасидаги ишонч даражасини белгилайди ва глобал кун тартиби шаклланишига таъсир кўрсатади, – деди Шерзод Асадов. – Айнан шу тушунчадан келиб чиқиб, Ўзбекистон ўз ахборот сиёсатини шакллантирмоқда. Бугун мамлакатимиз медиа соҳасидаги ўзгаришлар ҳам бу жараён изчил тус олаётганини кўрсатмоқда.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатда медиа соҳасининг ҳуқуқий асоси такомиллаштирилиб, тармоқни қўллаб-қувватлаш механизми кучайтирилди. Натижада нодавлат секторнинг аҳамияти ортмоқда. Бугун оммавий ахборот воситалари маблағининг 67 фоизи хусусий капитал ҳиссасига тўғри келади, ОАВ умумий сони эса қарийб 3 000 га етган.
Шерзод Асадов рақамли макондаги ўзгаришларга ҳам эътибор қаратди. Маълум қилинишича, интернет мамлакат аҳолиси орасига кириб бориши даражаси 94 фоиз. Бу фуқаролик журналистикаси ва блогосфера ривожи учун кенг имконият яратган.
Шунингдек, департамент раҳбари китобхонлик маданиятини қўллаб-қувватлаш йўлидаги ишлар натижасидан келиб чиқиб, жорий йил қарийб 15 000 номда китоб нашр этилгани, умумий адад 60 миллиондан ошганини таъкидлади.
Медиа соҳасидаги яна бир муҳим йўналиш – ахборот ишончлилигини таъминлаш. Ёлғон, хабар, нохолис ахборот учун давлат чегараси тўсиқ бўла олмайди. Яъни, фейк ёки дезинформацияга қарши алоҳида мамлакат доирасида кураш олиб бориш етарли эмас.
– Тарқатилаётган ахборотнинг ишончлилиги учун медиа масъулияти жуда муҳим, – деди Ш.Асадов. – Дезинформация ва ахборот хуружи мамлакатларимиз ҳамда халқларимиз ўртасида тушунмовчилик ёки ажралишга сабаб бўлмаслиги керак. Аксинча, профессионал медиа ҳамжамиятлар ўзаро ишонч, ҳурмат ва яхши қўшнилик муҳитини мустаҳкамлаши лозим. Сўз келишмовчиликка эмас, ўзаро англашувга хизмат қилиши шарт.
Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон ва Россия медиа ҳамкорлигининг тўрт устувор йўналиши илгари сурилди: Профессионал тажриба алмашиш ва кадрлар тайёрлаш, Дезинформацияга қарши ҳамкорликда курашиш, Сунъий интеллект ва рақамли технология бўйича шерикликни ривожлантириш ҳамда Таҳририятлар, журналистлар ва блогерлар ўртасида бевосита алоқаларни мустаҳкамлаш.
Хусусан, икки мамлакат журналистлари учун мунтазам стажировка, қўшма журналистика мактаблари ва таълим платформалари ташкил этиш таклифи берилди. Дезинформацияга қарши курашда эса ахборотни текширишга оид умумий стандарт ишлаб чиқиш ва тезкор маълумот алмашиш муҳимлиги қайд этилди.
– Хуллас мамлакатларимиз ресурслари ва эксперт салоҳиятини бирлаштириш, ахборотни текшириш бўйича умумий ёндашув шакллантириш зарур, – деди Шерзод Асадов.
Медиа келажаги СИ, рақамли платформалар ва йирик маълумот захираси билан чамбарчас боғлиқлигини таъкидлаган нотиқ, айни йўналишда ҳам қўшма технологик ишланмалар амалга оширишга чақирди.
Унинг фикрича, барча келишувлар самараси, аввало, инсонлар ўртасидаги бевосита алоқаларга боғлиқ. Шу боис, икки мамлакат таҳририятлари, журналистлари ва блогерлари ўртасида мунтазам учрашувлар ташкил этиш, мулоқотни амалий ҳамкорликка айлантириш муҳим.
Шу тариқа III Ўзбекистон – Россия медиа форуми нафақат тажриба алмашиш, балки янги қўшма ташаббуслар белгилаш учун ҳам муҳим майдон сифатида намоён бўляпти. Анжуманда билдирилган таклифлар икки мамлакат медиа ташкилотлари шериклигини мазмунан бойитиш, ишончли ахборот маконини мустаҳкамлаш ва икки халқ ўртасидаги дўстона алоқаларни ривожлантиришга қаратилган.
ЎзА мухбири Мусулмон Зиё тайёрлади.