Афғонистон делегацияси Андижонда
Афғонистон қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазири ўринбосари Садр Аъзам Усманий раҳбарлигидаги делегация расмий ташриф билан Андижон вилоятига келди.
Афғонистонлик меҳмонлар Андижон халқаро аэропортида вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари томонидан ўзбекона меҳмондўстлик билан кутиб олинди.
Маълумки, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Афғонистон давлатлари ўртасида иқтисодий, савдо-сотиқ, маданий ва бошқа қатор соҳалардаги ҳамкорлик кўлами кенгайиб бормоқда.
Икки мамлакат ўртасидаги дўстона, ўзаро манфаатли қўшничилик муносабатларни янада мустаҳкамлаш, қолаверса, Андижон ва Афғонистон ҳудудлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга қаратилган ишлар олиб борилмоқда.
[gallery-32408]
Ташриф доирасида Андижон вилояти ва Афғонистон ҳудудлари ўртасида мавжуд иқтисодий салоҳиятдан самарали фойдаланиш, янги истиқболли лойиҳаларни белгилаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсад қилинган.
Меҳмонлар ташрифнинг биринчи кунида Андижон вилоятида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, вилоятнинг иқтисодий салоҳияти ва имкониятлари билан яқиндан танишиш мақсадида қатор ишлаб чиқариш объектларида бўлдилар.
Дастлаб меҳмонлар Андижон туманидаги пахта уруғи тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди. Бу ерда пахтанинг эртапишар ва серҳосил навлари уруғларини тайёрлаш, сақлаш, химиявий ишлов бериш жараёнлари, шунингдек, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникалари кўргазмасини кўздан кечирди.
Шундан сўнг меҳмонлар Асака тумани Файзобод маҳалласида “Асакаагростар” масъулияти чекланган жамияти томонидан 5 гектар ерда барпо этилган замонавий иссиқхона хўжалигида бўлиб, бу ерда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойилини жорий этиш, шу орқали томорқадан самарали фойдаланиш, аҳоли даромадини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар, маҳаллада иссиқхона хўжалигини юритиш, сабзавот кўчатлари етиштириш, аҳоли даромадини ошириш борасида шаклланган илғор тажрибалар билан танишди.
Асака туманининг “Янги ҳаёт” массиви ҳудудида барпо этилган “Узум боғи” экотуризм мажмуаси, яъни ҳудуднинг табиий имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда ташкил этилган замонавий экотуризм ва агротуризм маскани меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Қарийб 190 гектар майдонни эгаллаган “Узум боғи” экотуризм мажмуасида капсула шаклидаги 4 та дам олиш жойи, 5 та ўтов, яшил манзарали ландшафт, арчазор, 30 гектар манзарали дарахтзор, оилавий ресторан ва турли аттракционлар мавжуд. Шунингдек, ҳудудда 14 минг куб метр сиғимли мембранали сув ҳавзаси қурилиб, боғни томчилатиб суғориш тизими орқали суғориш йўлга қўйилган.
Афғонистонлик меҳмонлар Асака туманидаги "Барака ҳамкор парранда" масъулияти чекланган жамияти паррандачилик комплексида ҳам бўлиб, тухум ва парранда гўшти етиштириш, паррандалар селекцияси, наслчилик йўналишларида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Шундан сўнг меҳмонлар Андижон тумани, Терактаги маҳалласидаги “Ипак йўли” саноат ҳудудида фаолият олиб бораётган қатор корхоналар - “Tian Jiao Hongan Agriculture Hightech” хорижий корхонасининг “Қалампир маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш саноат парки”, шунингдек, мини гидростанциялар учун ускуна, дастгоҳ ҳамда электр жиҳозлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Аndijan Jun Lun” хорижий корхонаси ҳамда электр автобус ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Silk Road Cambell Avtomobile” корхонасининг фаолияти, корхоналардаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди.
Сўнг меҳмонлар Андижоннинг ўзига хос рамзига айланган Бобур номли миллий истироҳат боғига ҳам ташриф буюрдилар.
Шунингдек, меҳмонлар Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг рамзий қабрини зиёрат қилдилар. Маълумки, Бобурнинг рамзий мақбарасига Бобур Мирзонинг Агра ва Кобулдаги қабрларидан олиб келинган ҳоки жойланган.
Афғонистон делегациясининг Андижон вилоятидаги расмий сафари давом этмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари