Хотин-қизларнинг билимлари бойитилди
Андижон давлат техника институтида Рақамли технологиялар вазирлиги ташаббуси билан амалга оширилаётган “GAP Women IT Club” лойиҳаси доирасида хотин-қизларнинг рақамли саводхонлигини ошириш, уларнинг бу борадаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Рақамли дунёда хотин-қизлар учун IT соҳасидаги имкониятлар” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоятдаги олий ўқув юртлари ўқитувчи аёллари, талаба қизлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди. Тадбир очилишида Андижон давлат техника институтининг ўқув ишлари бўйича проректори Сухроб Алиев бугунги глобаллашув ва рақамли трансформация жараёнида ахборот технологияларининг ўрни тобора ортиб бораётгани, айниқса, хотин-қизларнинг ушбу соҳадаги билим ва салоҳиятини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.


Тадбирда “GAP Women IT Club” лойиҳаси мутахассиси Диёрa Сатимова, Рақамли таълимни ривожлантириш маркази мутахассиси Илҳом Жўраев, Рақамли кўникмаларни ривожлантириш ва малакаларни баҳолаш бўлими бош мутахассиси Барно Турсуналиева, “UZINFOCOM” мутахассиси Сабрия Солиева, “Uzcosmos” мутахассиси Шаҳноза Шарипова, ҳудудий амбассадор Гулсевар Хўжамова ўзларининг маъруза ва тақдимотлари билан қатнашди.
Маъруза ва тақдимотларда мамлакатимизда IT соҳасида олиб борилаётган ишлар, ушбу йўналишда касбий ривожланиш имкониятлари, рақамли таълим, киберхавфсизлик, рақамли гигиена, шунингдек, “Uzcosmos” фаолияти ва ушбу йўналишда хотин-қизлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида маълумотлар берилди.
Иштирокчилар маъруза ва тақдимотлар, шунингдек, IT соҳасида ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди, ўзаро фикр алмашди.
Тадбирда талаба-қизлар учун яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш, замонавий касбларни эгаллаш ва доимий равишда билим ҳамда кўникмаларни ошириб бориш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

– Ушбу тадбир талабалар учун жуда фойдали бўлди, – дейди Андижон давлат техника институти 2-босқич талабаси Латофатой Тожиматова. – Тадбирда иштирок этиб, рақамли таълим, умуман, IT соҳаси ҳақида кенг билим ва тушунчаларга эга бўлдик. Бу борада имкониятлар жуда кенг экан. Биз талабалар ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиб, пухта билим олиш, келгусида IT соҳасини пухта эгаллаган малакали мутахассис бўлиб етишиш учун астойдил ҳаракат қиламиз.

Тадбир ўқитувчи ва талаба қизларнинг рақамли билим ва кўникмаларини бойитишга, уларни IT соҳасига кенг жалб этиш, бу борадаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда янги касбий имкониятларга йўналтиришга қаратилган ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилди.

Якунда тадбирнинг бир гуруҳ фаол ва ташаббускор иштирокчилари ваучер, ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири