Ўзбекистон ва Словения илм-фан соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш, янги технологияларни иқтисодиётга жалб этиш ҳамда илмий ғояларни амалий лойиҳаларга айлантириш инновацион ривожланишнинг муҳим йўналишларидир. Бу борада халқаро шериклик янги тажриба ва имкониятлар учун йўл очади.
Бундай ҳамкорликнинг амалий ифодаси сифатида Инновацион ривожланиш агентлигида Ўзбекистон ва Словения ўртасида биринчи инновацион лойиҳалар форуми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат давлат идоралари, олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар ва бизнес вакиллари иштирок этди.
Форумда Инновацион ривожланиш агентлиги директори ўринбосари Жавлонбек Абдужалилов ва бошқалар сўзга чиқиб, икки давлат ўртасидаги илмий-технологик ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва инновацион ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш масалаларига тўхталди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Президентининг 2025 йил май ойида Словенияга расмий ташрифи давомида эришилган келишувлар ижроси доирасида ташкил этилди. Форум Инновацион ривожланиш агентлиги, Словения Ташқи ва Европа ишлари вазирлиги ҳамда "SPIRIT Slovenia" бизнесни ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида ўтказилди.
Музокараларда муҳим хомашё ва ноёб ер металлари, наноматериаллар, геология, кончилик, металлургия, фойдали қазилмаларни бойитиш ва қайта ишлаш соҳаларидаги ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, университетлар ҳузурида спин-офф корхоналарини ташкил этиш, технологиялар трансфери, стартапларни ривожлантириш ва ёшларнинг муҳандислик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалаларига аҳамият қаратилди.
Учрашувда Словениянинг инновацион экотизими, технологиялар трансфери механизмлари ва стартапларни ривожлантириш бўйича тажрибаси тақдим этилди. Томонлар қўшма илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, академик алмашинув дастурларини йўлга қўйиш ва университетлараро алоқаларни кенгайтириш юзасидан ҳам фикр алмашди.
Форум доирасида англашув меморандуми имзоланиши ҳам икки томонлама алоқаларни амалий лойиҳалар билан мустаҳкамлаш йўлидаги қадамлардан бири бўлди.
Агентлик ахборот хизмати маълумотига кўра, бундай мулоқотлар илмий муассасалар ва бизнес тузилмалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш, технологияларни иқтисодиётга олиб кириш ҳамда икки мамлакатнинг инновацион салоҳиятидан самарали фойдаланишга кенг йўл очади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА