Замонавий технологиялар замирида қандай илмий ютуқлар мужассам?
Атом технологиялари бугунги кунда нафақат энергетика, балки тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, рақамли технологиялар ва космик тадқиқотлар каби кўплаб йўналишларда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ушбу соҳанинг кенг имкониятлари ва илмий ютуқларини кенг жамоатчиликка танитиш мақсадида бугун "Росатом" давлат корпорацияси томонидан "Global Atomic Quiz-2026" халқаро маърифий викторинаси ўтказилди.
10 ноябрь – Бутунжаҳон илм-фан куни муносабати билан "Оддий бир кун. Кўплаб ҳайратланарли технологиялар" шиори остида ташкил этилган мазкур викторина иштирокчиларга кундалик турмушда фойдаланиладиган замонавий ечимлар ортида қандай илмий кашфиётлар турганини англаш имконини беради.
Эътиборлиси, ўзбекистонлик ёшлар ҳам 2021 йилдан буён мазкур халқаро лойиҳада фаол иштирок этиб, юқори натижаларни қайд этиб келмоқда. Бу эса мамлакатимиз ёшларининг илм-фан ва замонавий технологияларга бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётганини кўрсатади.
Лойиҳа доирасида атом фанининг турли тармоқлардаги амалий аҳамияти интерактив топшириқлар асосида ёритилади. Хусусан, электр энергияси ишлаб чиқариш, тиббий диагностика ва даволаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини ошириш, озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлаш, рақамли технологияларни ривожлантириш ҳамда космик тадқиқотларда ядро технологияларидан фойдаланиш имкониятлари ҳақида маълумот берилади.
Викторина нафақат билимларни синовдан ўтказиш, балки атом соҳасидаги замонавий илмий-техник ишланмалар ҳақида янги маълумотларга эга бўлиш учун ҳам имконият яратади. Унда мураккаб илмий жараёнлар кенг аудиторияга тушунарли шаклда тақдим этилишига алоҳида эътибор қаратилган.
Ташаббус доирасида энг яхши кўрсаткичга эришган уч нафар ғолиб Россияга илмий-маърифий саёҳат қилиш имкониятини қўлга киритади. Саёҳат давомида улар Обнинск шаҳрида жойлашган дунёдаги биринчи атом электр станциясига ташриф буюришлари мумкин. Бундан ташқари, яна 100 нафар энг яхши иштирокчи рақамли обуналар, таълим курслари учун сертификатлар ва дастурий таъминот лицензиялари билан тақдирланади.
Маълумот учун, "Global Atomic Quiz" халқаро таълим лойиҳаси 2020 йилдан буён ташкил этиб келинмоқда. Ўтган давр мобайнида унда дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидан иштирокчилар қатнашган.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА