Хотин-қизлар форуми: танишув, мулоқот ва ҳамкорлик
Иссиқлик энергетикаси тизимида хотин-қизларнинг ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бу уларнинг касбий салоҳияти ва ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслар билан боғлиқ.
Ана шундай саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси сифатида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ва унинг марказлари хотин-қизлари иштирокида навбатдаги Хотин-қизлар форумига старт берилди.
Мазкур форумдан кўзланган асосий мақсад тизимда фаолият юритаётган хотин-қизларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, уларнинг жамоадаги ўрнини мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш имкониятларини кенгайтиришдан иборат.

Форумнинг илк кунида иштирокчилар учун Ислом цивилизацияси марказига маданий-маърифий саёҳат ташкил этилди. Ушбу ташриф иштирокчиларда миллий меросга ҳурмат, маънавий қадриятларга садоқат туйғуларини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, форум доирасида интеллектуал беллашувлар, семинар-тренинглар, ижодий танловлар ҳамда спорт мусобақаларини ўтказиш режалаштирилган. Бундай тадбирлар иштирокчиларнинг фаоллигини ошириш, жамоавийлик руҳини мустаҳкамлаш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ ходими Феруза Собированинг қайд этишича, 5 апрель куни ўз ишини якунлайдиган форум дастури турли-туман ва қизиқарли учрашувлар, семинарлар ҳамда тадбирларни ўз ичига олади.
– Бундай форумлар нафақат касбий ривожланиш, балки имкониятларимизни намойиш этишга катта туртки беради. Бу ерда биз янги билимлар оламиз, тажриба алмашамиз ва энг муҳими, бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз. Ҳар бир иштирокчи ўз соҳасидаги энг яхши амалиётлар билан танишади, замонавий технологиялар ва инновацияларни ўрганади. Форумнинг интерактив семинар ва тренинглари иштирокчиларни фақат назарий билим билан чекламай, амалиётда қўллашни ҳам таъминлайди. Хотин-қизларнинг энергетика соҳасидаги ўрнини янада мустаҳкамлашда бундай ташаббуслар жуда муҳим. Чунки улар нафақат иш жамоасининг кучини оширади, балки бутун соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, янги лидерларни тайёрлаш ва барқарор ривожланишга хизмат қилади, – деди Ф.Собирова.

Форум давомида иштирокчилар ўртасида ўзаро мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса келгусида тизимда хотин-қизлар фаоллигини янада оширишда муҳим ҳисобланади.
Мутахассислар қайд этганидек, форум нафақат иштирокчилар учун янги имкониятлар эшигини очади, балки бутун энергетика соҳасида хотин-қизларнинг ўрни ва нуфузини янада оширади. Бундай тадбирлар тизимда соғлом иш муҳитини шакллантириш, малакали кадрлар салоҳиятини юксалтириш ва барқарор тараққиётни таъминлашга кенг имконият яратади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА