Орзулар сари илк қадам
Бухоро вилоятидаги барча умумтаълим мактабларида ҳаётнинг энг унутилмас ва ҳаяжонли паллаларидан бири — “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари кўтаринки руҳ, юксак байрамона кайфиятда ташкил этилди. Қувонч, ҳаяжон, эзгу орзу ва умидларга бой бўлган ушбу тадбирларда минглаб ўқувчилар, битирувчилар, ота-оналар, устозлар, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мактаб битирувчиларига йўлланган самимий видео-табрик барча тадбирларга алоҳида руҳ ва мазмун бағишлади. Давлат раҳбарининг ёшларга бўлган ишончи, меҳри ва юксак умиди ҳар бир битирувчи қалбида ғурур, масъулият ва келажакка ишонч туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Табрикда таъкидланганидек, бугунги ёшлар — Янги Ўзбекистоннинг эртанги бунёдкорлари, мамлакат тараққиёти ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратадиган билимли, ташаббускор ва ватанпарвар авлоддир. Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли таълим олиши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши, хорижий тилларни пухта ўрганиши ҳамда инновация ва тадбиркорлик соҳаларида ўз салоҳиятини намоён этиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Жорий йилда вилоятдаги 549 та умумтаълим мактабида 23 минг 740 нафар 11-синф битирувчиси қадрдон мактаби, меҳрибон устозлари ва синфдошлари билан хайрлашиб, мустақил ҳаёт сари илк қадамни ташлади. Улар учун янграган “Сўнгги қўнғироқ” нафақат мактаб билан хайрлашув, балки орзулар сари очилган янги ҳаёт эшиги сифатида қалбларга муҳрланди.
Қувонарлиси, битирувчиларнинг 426 нафари таълимни олтин медаль, 127 нафари эса кумуш медаль билан якунлади. Бу эса ёшларнинг билим олишга бўлган интилиши, устозлар меҳнати ва ота-оналарнинг беқиёс қўллаб-қувватлови самараси эканини яна бир бор намоён этди.
2025–2026 ўқув йилида битирувчиларнинг 17 минг 321 нафари, яъни қарийб 78 фоизи олий таълим муассасаларида таҳсил олиш истагини билдиргани ёшларнинг билим ва келажакка бўлган интилиши тобора юксалиб бораётганини кўрсатади.
Айни вақтда битирувчилар томонидан 7 380 та мажбурий фанлар, 7 800 та асосий фанлар ҳамда 10 минг 91 та хорижий тиллар бўйича миллий ва халқаро сертификатлар қўлга киритилгани таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижасидир.
[gallery-29622]
Энг муҳими, 2 минг нафардан ортиқ битирувчи танлаган йўналишлари бўйича юқори натижаларни қайд этиб, сертификатлар асосида мактабни тугатмасдан туриб талабалик бахтига мушарраф бўлди. Шунингдек, 20 нафар ёшнинг дунёнинг нуфузли олий таълим муассасаларига грант асосида ўқишга қабул қилингани вилоят таълим соҳаси учун алоҳида фахр ва ифтихор манбаи бўлди.
“Сўнгги қўнғироқ” — бу шунчаки байрам эмас. У ёшларнинг орзулари қанот ёзадиган, янги мақсадлар белгилайдиган, мустақил ҳаётга йўл очадиган муҳим ва унутилмас палладир. Бугун мактаб остонасидан катта ҳаётга қадам қўяётган ҳар бир йигит-қиз эртанги Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган етук кадр, билимли мутахассис ва фидойи инсон бўлиб камол топишига ишонч катта.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари