Фазилат Президент совғасига эга бўлди
Маълумки, бугун мамлакатимизда китоб ўқиш ва мутолаа маданиятини юксалтириш бевосита давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
“Ёш китобхон” танлови 2025 йилги мавсумининг муросасиз финал босқичи бўлиб ўтган эди. Шунга кўра, ғолибликни қўлга киритган қаҳрамонларга “Президент совғаси” — “BYD Chazor” электромобиллари тантанали равишда топширилди. Ҳар бир ғолиб бўлган ёш ва унинг ота-оналари қалбида қувонч, чеҳрасида мамнуният балқиди.

–Қизим Фазилат 20–30 ёш тоифасида 1-ўринни қўлга киритди, –деди Сурхондарё вилояти Узун туманида кўп йиллар ўқитувчилик қилган Мамасаид Диёров. – Қизим йиллар давомида мазкур мусобақада қатнашиб келар эди. Мана бугун меҳнатлари эвазига юқори натижага эришди. Фарзандимнинг ғолиб бўлганини эшитиб, ўзим ютуққа эришгандай тўлқинланиб кетдим. Айниқса, юртбошимиз ғолиблар билан шахсан кўришиб, юксак эътироф этганидан ғурурланиб, кўзимга ёш келди. Юртимизда ўқиган, интилган ёш борки, барча ютуқларга эришиб келмоқда. “Ёш китобхон” каби мусобақалар эса ёшларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқишини янада оширмоқда.
Г.Бобоева, ЎзА