Ҳосил хавфсизлиги даладан бошланади
Қишлоқ хўжалигида яхши ҳосил етиштиришнинг ўзи етарли эмас. Уни зараркунанда ва касалликлардан асраш, карантин объектларининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, етиштирилган маҳсулотни ички ва ташқи бозорларга хавфсиз етказиш ҳам муҳим. Шу маънода фитосанитар назорат — даладан бошланиб, маҳсулот истеъмолчи дастурхонига етиб боргунига қадар давом этадиган жараён.
Жиззах вилоят озиқ-овқат маҳсулотлари бош бошқармасининг 2026 йил январь–август ойларидаги фаолиятига бағишланган матбуот анжуманида бу йўналишда амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ва олдинда турган вазифалар ҳақида ахборот берилди.
Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Пармоновнинг таъкидлашича, ҳисобот даврида экинларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш, карантин объектларини аниқлаш ва улар тарқалишининг олдини олиш, фитосанитар назоратни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Соҳадаги бу вазифаларнинг ҳуқуқий асоси ҳам янгиланмоқда. Президентнинг 2026 йил 12 майдаги “Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳаларида ягона давлат бошқаруви ва назорат тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳаларида ягона давлат бошқаруви ва назорат тизимини жорий этишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди. Ҳужжатда халқаро талабларни татбиқ этиш, хавф таҳлилига асосланган назоратни кучайтириш ва соҳани рақамлаштириш каби вазифалар назарда тутилган.
Жиззахда ушбу вазифалар амалий ишлар билан уйғунлашмоқда. Саккиз ой давомида 927 минг 24 гектар майдонда фитосанитар дала назорати ўтказилиб, 44 минг 751 та дала назорати далолатномаси расмийлаштирилди. Етиштирилган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларга чиқариш учун 3 минг 435 та фитосанитар сертификат берилди.
[gallery-31653]
Фитосанитар хавфни барвақт аниқлаш эса муҳим вазифалардан. Шу мақсадда зарарли организмларнинг кўпайиши ва ривожланиши бўйича қисқа муддатли башоратлар тайёрланиб, ҳудудларга етказилди. Бу маълумотлар зараркунанда ва касалликларга қарши кураш тадбирларини ўз вақтида ташкил этиш имконини бермоқда.
Айниқса, бошоқли дон ва пахта майдонларида фитосанитар ҳолат назоратда бўлди. Ғўзанинг ўз вақтида пишиб етилиши, дефолиация ва десикация ишларининг сифатли ўтказилиши учун тегишли препаратлар билан ишловлар амалга оширилди. Бу жараёнга 583 та ОВХ агрегати ва 8 та дрон жалб этилди. Дронлардан фойдаланиш катта майдонларни тезкор кузатиш ва ишлов бериш имкониятини кенгайтирмоқда.
Фитосанитар хавф фақат дала билан чекланмайди. Чегара орқали кириб келаётган маҳсулотлар ҳам қатъий назоратдан ўтказилади. Ҳисобот даврида Жиззах вилоятига хориждан 69 минг 415 тоннадан ортиқ, 1 минг 240 куб метр ва 651 минг 518 дона импорт маҳсулоти олиб кирилган. Уларнинг фитосанитар ҳолати назорат қилинган.
Шу билан бирга, вилоятда етиштирилган маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқаришга ҳам эътибор кучайтирилди. 34 минг 500 тоннадан зиёд карантин остидаги юклар белгиланган тартибда кўрикдан ўтказилиб, фитосанитар сертификат асосида экспортга жўнатилди. Экспорт географиясига Латвия, Малайзия, Норвегия, Австрия, Польша, Эстония ва Мўғулистон каби давлатлар қўшилди.
Фитосанитар назоратнинг яна бир муҳим бўғини лаборатория. Саккиз ойда лабораторияда турли йўналишлар бўйича 3 минг 440 та намуна экспертизадан ўтказилди. Текширувлар орқали қишлоқ хўжалиги экинлари ва ўсимлик маҳсулотларида зарарли организмлар аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди.
Матбуот анжумани иштирокчилари “BMB Holding” компанияси ҳудудидаги фитосанитар лаборатория фаолияти билан ҳам танишди. Бу ерда намуна олишдан тортиб, уни лаборатория шароитида текширишгача бўлган жараёнлар йўлга қўйилган. Зарур ҳолларда замонавий молекуляр диагностика усулларидан фойдаланиш маҳсулотнинг фитосанитар ҳолатини янада аниқ баҳолаш имконини беради.
Соҳада рақамлаштириш ҳам изчил давом этмоқда. “e-Fitouz” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали фитосанитар сертификат, ички фитосанитар сертификат, карантин рухсатномаси ва бошқа хизматлар бўйича электрон аризалар кўриб чиқилмоқда. Бу тадбиркорлар учун вақтни тежаш, хизматлардан фойдаланишни соддалаштириш ва назорат жараёнларини шаффофлаштиришга хизмат қилмоқда.
Фермер ва деҳқонларни зарур маълумотлар билан таъминлашда “Агрокўмакчи” мобил иловасининг имкониятларидан ҳам фойдаланилмоқда. У орқали экинларни уйғунлашган ҳимоя қилиш дастурлари ва бошқа зарур маълумотларни электрон шаклда олиш мумкин.
Зараркунанда ва касалликларга қарши курашда профилактикага алоҳида аҳамият берилмоқда. Ҳисобот даврида 211 минг 734 куб метр ҳажмда фумигация ишлари бажарилиб, очиқ майдонлар ва бўш омборларга кимёвий ишлов берилди. Бу тадбирлар зарарли организмларнинг тарқалишига йўл қўймасликда муҳим аҳамият касб этади.
Албатта, фитосанитар барқарорликни таъминлашда назоратнинг ўзи етарли эмас. Фермер, деҳқон, тадбиркор ва экспортчи ҳам белгиланган талабларга масъулият билан ёндашиши зарур. Чунки далада вақтида аниқланган зараркунанда ёки касаллик эртанги катта йўқотишнинг олдини олиши мумкин. Карантин объектининг ҳудудга кириб келишини барвақт тўхтатиш эса нафақат ҳосилни, балки экспорт имкониятларини ҳам ҳимоя қилади.
Шу боис йилнинг қолган қисмида фитосанитар барқарорликни сақлаш, карантин объектларининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, самарали ҳимоя усулларини кенг қўллаш, лаборатория имкониятларидан унумли фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига сифатли хизмат кўрсатиш асосий вазифалардан бўлиб қолади.
Зеро, ҳосил хавфсизлиги даладан бошланади. Даладаги бир вақтда кўрилган чора омбордаги маҳсулот, бозордаги сифат, экспортдаги ишонч ва охир-оқибат дастурхондаги озиқ-овқат хавфсизлиги демакдир.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари