Хорижда ишлаш учун билим ва тажриба лозим
Президентимиз Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида, хорижда ишлаш – фақат ойлик маош эмас, бу замонавий касбларни ўзлаштириш, илғор технологиялар билан ишлаш, янги меҳнат маданиятини ўрганиш ва халқаро тажриба орттириш имконияти эканлигини алоҳида таъкидлади.
Дарҳақиқат, юртимизда меҳнат бозорининг самарали механизмларини жорий қилиш, аҳолининг ишчанлик фаоллигини ошириш, камбағал ва ишсиз фуқароларни замонавий касб-ҳунарларга ҳамда тадбиркорликка ўқитиш, қонуний тартибда хорижга, юқори даромадли ишларга юбориш, шу асосда, уларни доимий даромад келтирадиган меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, бандлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Андижон вилоятида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Йил бошида Андижон вилоятидаги маҳаллаларда ўтказилган хатлов, ўрганишлар, фуқаролар, ёшлар билан мулоқотлар жараёнида ишсиз, лекин касб-ҳунар ўрганишга, шунингдек, хорижда ишлаш истагини билдирган фуқароларнинг рўйхати шакллантирилди. Унга кўра, 10 минг 125 нафар фуқаро хорижда ишлаш истагини билдирган.

Хорижда ишлаш истагидаги фуқароларга касб-ҳунар ўргатиш, уларни касбга қайта тайёрлаш, айниқса, хорижий тилларга ўқитиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада вилоятда, хусусан, Андижон шаҳрида Аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда Боғишамол даҳасида жойлашган “Қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш” марказларида ички ва ташқи меҳнат бозори учун юқори касбий малакага эга мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича зарур ишлар олиб борилди.
Марказларда маҳаллалар миграция агентлиги ҳудудий бўлими билан ҳамкорликда фуқароларнинг қонуний тартиблар асосида хорижга ишга бориши, хорижий тилларни ўргатиш бўйича зарур ишлар ташкил этилди. Жумладан, “Қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш маркази”да электрокара ҳайдовчиси, махсус техника ва электромонтаж мутахассислари тайёрлаш бўйича 3-6 ойлик ўқув курслари ташкил этилди. Андижон Жамоат саломатлиги техникуми негизида тиббиёт ходимларини хорижий тиллар ва касбий йўналишлар бўйича қайта тайёрлаш мақсадида “Германия тиббиёт академияси”, “Глобогате” лойиҳаси ҳамда “Берлин Зентрум” ўқув маркази билан ҳамкорликда таълим дастурлари йўлга қўйилди.
Айни кунда 500 нафарга яқин фуқаролар марказларнинг ўқув курсларида таҳсил олмоқда.
Амалга оширилган ана шу ишлар натижасида ҳар йили Словакияда 500 нафаргача, Германияда 2 минг нафаргача, Японияда 500 нафаргача ҳамда Саудия Арабистонида 200 нафаргача фуқаронинг юқори иш ҳақи тўланадиган, қонуний ва муносиб иш ўринларига жойлаштириш имкониятлари яратилди.

Бундан ташқари, вилоятда немис, япон, корейс, инглиз тилларини ўқитишга ихтисослашган 5 та ўқув маркази фаолияти ҳам йўлга қўйилиб, самарали иш олиб бормоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Миграция агентлиги вилоят филиали ташаббуси билан қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Андижон шаҳри ва қатор туманларда “Хорижда иш” меҳнат ярмаркалари ўтказилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида минглаб фуқаролар бошқа қатор давлатларга юқори ҳақ тўланадиган ишларга юборилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири.