Хоразмда йўллар бўйича кенг кўламли лойиҳалар маълум қилинди
Автомобиль йўллари қўмитаси соҳадаги улкан лойиҳаларни эълон қилди. Юзлаб километр йўллар, янги кўприклар ва пулли трассалар орқали мамлакат инфратузилмаси жиддий янгиланмоқда.
Пойтахтимизда ташкил этилган брифингда Автомобиль йўллари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева соҳада амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумотларни тақдим этди.
Қайд этилишича, жорий йилда вилоятда дастурлар доирасида автомобиль йўлларида харакат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда техник ҳолатини яхшилаш, аҳоли пунктлари ўртасидаги транспорт алоқаларини ривожлантириш мақсадида бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, давлат дастурлари асосида Халкаро молия институтлари маблағлари ҳамда республика бюджети маблағлари ҳисобидан жами 424 километр узунликдаги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш режалаштирилган. Бундан ташқари аҳолига қулайлик яратиш мақсадида Урганч-Хива шаҳарларини боғловчи Ўзбекистондаги биринчи 35,0 километр узунликдаги қиймати 120 миллион АҚШ доллари бўлган Т001 “Урганч – Хива” пулли автомобиль йўлини қуриш лойиҳаси амалга оширилди ва йўл фойдаланишга топширилди.
Бугунги кунда пулли автомобиль йўлида харакатланувчи транспорт воситаларини хавфсиз ҳаракатланиши учун барча шароитлар яратилган бўлиб, ҳаракат жадаллиги суткасига 2 мингга яқин ҳар хил русумдаги автомобиллар улушига тўғри келмоқда. Шунингдек, Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан вилоятдаги маҳаллий аҳамиятга эга 67 километр узунликдаги йўллар цемент-бетон қопламали йўлга айлантирилмоқда. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун халқаро молия институтлари томонидан 21,8 миллион АҚШ доллари ажратилган. Лойиҳа 3 та лот кесимида амалга оширилади. Лойиҳа доирасида ушбу объектлардаги 20 та кўприкни қуриш ҳамда 87 та қувур ўрнатиш белгиланган. Ҳозирда ғолиб пудратчи компаниялар билан пудрат шартномаларини имзолаш ишлари амалга оширилмоқда, йил сўнгига қадар мобилизация ҳамда таёргарлик ишларини амалга ошириш режалаштирган.
Бундан ташқари, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг маблағлари ҳисобидан Хоразм вилоятидаги умумий фойдаланишдаги маҳаллий аҳамиятга эга автомобиль йўлларининг 188 километри тўла таъмирланади. Шу билан биргаликда ушбу автомобиль йўлида жойлашган 76 та таъмирталаб кўприк ҳам тўлиқ реконструкция қилинади. Лойиҳа қиймати 98,6 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳага кўра, вилоятнинг барча туманларида белгиланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида 3 лотга бўлинган ҳолда ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 1-лот кесимида Хитой компанияси томонидан вилоятнинг Боғот, Хазорасп, Янгибозор ҳамда Янгиариқ туманларида 58 км узунликдаги йўлларда ишлар жадаллик билан амалга оширилмоқда. 2-лот кесимида маҳаллий компания томонидан вилоятнинг Хива ҳамда Кўшкўпир туманларида 56 км узунликдаги йўлларда тўла таъмирлаш ишлари режа-график асосида олиб борилмоқда. 3-лот кесимида Хитойнинг яна бир нуфузли компанияси томонидан вилоятнинг Урганч, Гурлан ва Шовот туманларида лойиҳа доирасида 74 км узунликдаги йўлларда ишлар бошлаб юборилган.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан Урганч, Хонқа, Боғот, Хазорасп ҳамда Тупраққаъла туманларини боғловчи D213 “Урганч-Хонқа-Ҳазорасп-Амударё дарёси – А380” автомобиль йўлининг (0–84) жами 84 километр қисмини реконструкция қилиш лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда. Объектда 44 та кўприк, 4 та йўл ўтгазгич ҳамда 5 та ер ости ва ер усти ўтиш жойлари мавжуд. Объектнинг 73 км. қисмида жойлашган Амударё дарёси устидан ўтган 690 метр узунликдаги кўприк қурилиши ишлари ҳам жадал суръатларда амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 238 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Жараёнлар 2 лотга бўлинган ҳолда бажарилмоқда.
Урганч, Янгибозор, Гурлан туманларини боғловчи давлат аҳамиятига эга D217 “Урганч-Гурлан-Манғит-Туркманистон Республикаси чегараси” автомобиль йўлининг вилоят худудидан ўтган (5–55 кмлари) жами 50 километр қисмини реконструкция қилиш бўйича техник иқдисодий асослари ишлаб чиқилмоқда. “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)” дастури доирасида Шовот ва Янгиариқ туманларида жами 37,6 километр узунликдаги ички хўжалик йўллари таъмирланди, бунинг учун республика бюджетидан 40,1 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА