Атмосферага зарарли чиқиндилар: назорат қай даражада?
Ҳар ким тоза ҳаводан нафас олишга ҳақли. Бироқ, ишлаб чиқариш ҳажми ортиши баробарида атмосферага чиқарилаётган зарарли моддалар ҳам жиддий экологик муаммога айланмоқда. Айниқса, ҳавони ифлослантираётган корхоналар фаолияти, экологик талабларга риоя этилиши ва назорат самарадорлиги бугун долзарб масалалардан бири.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Экополиция ходимлари томонидан фуқаролардан келиб тушган мурожаатларга кўра, Тошкент шаҳар Яккасарой туманида жойлашган “Р.П.” МЧЖда ўрганиш ишлари ўтказилди. Ўрганиш давомида корхона иккиламчи хомашёдан полиэтилен гранулалар ишлаб чиқариш билан шуғулланиши, корхона томонидан атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилмагани, шунингдек, атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар миқдори белгиланган тартибда назорат қилинмагани аниқланди. Хусусан, норматив ҳужжатларда белгиланган талабга кўра, атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ташламалар миқдори ихтисослашган лабораторияни жалб қилган ҳолда мунтазам мониторинг қилиниши лозим. Бироқ корхона томонидан ушбу талаб бажарилмаган.
Шунингдек, давлат экологик экспертизаси хулосасида белгиланган талабларнинг бажарилиши ҳолати ўрганилганда атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар устидан доимий назоратни таъминлаш, чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш ва экологик нормативларга риоя этилиши бўйича талаблар бажарилмагани маълум бўлди. Ўрганиш давомида атмосфера ҳавосидан намуналар олиниб, лаборатория таҳлиллари ўтказилди. Натижаларга кўра, атмосфера ҳавосидаги азот 2 оксиди ва чанг миқдори меъёридан ортгани маълум бўлди. Чиқиндилар билан боғлиқ ҳолат ўрганилганда эса корхона ҳудудида чиқиндиларни вақтинча сақлаш учун махсус контейнерлар мавжуд эмаслиги аниқланди. Корхона томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида” ва “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунлари талаблари қўпол тарзда бузилган.
Корхонага атмосфера ҳавосини ифлослантирганлик учун қўшимча компенсация тўлови ҳисобланди. Шунингдек, аниқланган қонунбузилишлар юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳужжатлар судга юборилди. Қолаверса, камчиликларни бартараф этиш юзасидан 5 та банддан иборат мажбурий кўрсатмалар берилди. Ҳозирда корхона фаолиятини тўхтатиш бўйича судга ҳужжатлар тайёрланмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА