Телекоммуникациялар тармоқларини асраш – бурчимиз
Бугун интернет ва тезкор алоқа ҳаётимизнинг юрак уришига айланиб улгурган. Ишимиз, ўқишимиз, давлат хизматларидан фойдаланишимиз ва ҳаттоки кундалик мулоқотимиз ҳам барқарор тармоққа боғлиқ. Шу боис ер усти ва остидан ўтган ҳар бир алоқа кабеллари аслида минглаб инсонларнинг узлуксиз фаолиятини таъминлаб турган муҳим ҳаётий томирдир.
Оптик толали алоқа кабеллари замонавий телекоммуникация инфратузилмасининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Бундай кабелларнинг шикастланиши натижасида алоқа хизматларида узилишлар юзага келиши, интернет сифати пасайиши, айрим ҳудудларда абонентларнинг телекоммуникация хизматларидан вақтинча фойдалана олмаслиги каби ноқулайликлар келиб чиқиши мумкин.
Шу сабабли алоқа тармоқлари ва кабель иншоотларининг бутлигини таъминлаш, уларни турли ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш, айниқса, ер қазиш ва қурилиш ишлари олиб борилаётган ҳудудларда белгиланган хавфсизлик талабларига риоя этиш муҳим аҳамият касб этади.
Афсуски, ер қазиш ва қурилиш ишларида белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилмаслик оқибатида телекоммуникация алоқа кабелларига шикаст етказиш ҳолатлари ҳамон учрамоқда.
Аслида, телекоммуникациялар тармоқларини асраш нафақат соҳа ходимлари, балки ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Хоразмда оптик толали алоқа кабелларининг шикастланиш ҳолатлари ўрганилди.
Ўтган тўққиз ой давомида Телекоммуникация хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар томонидан “Ўзкомназорат” инспекцияси Хоразм вилояти ҳудудий бўлимига 9 та мурожаат келиб тушган.
Мазкур мурожаатлар асосида Инспекциянинг Хоразм вилояти ҳудудий бўлими мутахассислари томонидан ҳолат жойига чиқиб ўрганилган.
Ўрганишлар давомида магистраль ва зона ичи оптик толали алоқа кабелларига шикастлар етказилгани аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан тақдим этилган ҳужжатлар, кабель шикастланишлари бўйича тақдим қилинган мурожаатлар ва амалга оширилган ўрганиш натижалари "Ўзкомназорат” инспекцияси Хоразм вилояти ҳудудий бўлими томонидан таҳлил қилиниб, айбдор жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартиблар асосида маъмурий жавобгарлик чоралари кўриш белгиланди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 154-моддаси 1-қисмида назарда тутилган “Алоқа йўллари ва иншоотларини, шунингдек, алоқа йўли ва кабел иншоотларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш” ҳуқуқбузарлиги бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, шикастланишга олиб келган жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан маъмурий жарима чоралари қўлланилди.
Бу каби ҳолат бир қарашда оддий техник носозликдек туюлиши мумкин. Бироқ, телекоммуникациялар тармоқларига етказилган зарар ортида кўплаб абонентлар, ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектларининг узлуксиз телекоммуникациялар тармоқлари имкониятидан фойдаланаётганлигини ҳам унутмаслик зарур. Биргина кабелнинг шикастланиши қисқа муддат ичида катта ҳудуддаги телекоммуникациялар тармоқлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу боис, ер қазиш, қурилиш-монтаж, ободонлаштириш ва бошқа ишларни амалга ошираётган фуқаролар ҳамда ташкилотлар алоқа линиялари ва кабел иншоотларининг муҳофаза зоналарига алоҳида эътибор қаратишлари лозим.
Ҳар қандай қурилиш ёки қазиш ишларини бошлашдан аввал ҳудудда мавжуд коммуникация тармоқларининг жойлашувини аниқлаш, тегишли ташкилотлар билан келишиш ва белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилиш зарур. Айниқса, махсус техника ёрдамида қазиш ишлари олиб борилаётганда эҳтиётсизлик билан қилинган биргина ҳаракат катта ҳажмдаги алоқа тармоғига зарар етказиши мумкин.
Телекоммуникациялар инфратузилмасини асраш фақат алоқа операторлари ёки тегишли назорат органларининг эмас, балки ҳар бир фуқаро ва хўжалик юритувчи субъектнинг ҳам масъулиятидир.
Унутманг, бугун эҳтиёткорлик билан асраб қолинган биргина алоқа кабели - эртага минглаб юртдошларимизнинг узлуксиз телекоммуникациялар хизматидан сифатли фойдаланишини таъминлайди.
Қурбонбой Қиличов,
“Ўзкомназорат” инспекцияси
Хоразм вилояти ҳудудий бўлими бош мутахассиси.
ЎзА