Японияда ишлаш истагидаги ўзбекистонлик ҳайдовчилар синовдан ўтмоқда
Бугун пойтахтимиздаги "INTIL" халқаро тил ва касб-ҳунар ўқув марказида Япониянинг 12 та транспорт компанияси вакиллари иштирокида автобус ҳайдовчиларини Японияга ишга қабул қилиш бўйича саралаш босқичи ўтказилди.
Ўзбекистон Миграция агентлиги, “Ватанпарвар” ташкилоти ҳамда Япониянинг “WILLER EXPRESS” ва “ONODERA USER RUN” компаниялари ҳамкорлигида ташкил этилган йиғинда “OUR BLOOMING ACADEMY”нинг 180 нафар талабаси қатнашди. Уларнинг 40 нафарга яқини иш берувчилар билан бевосита суҳбатдан ўтиб, ўз билим ва тажрибасини намойиш этишди.
Саралаш жараёнида номзодларнинг ҳайдовчилик тажрибаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича билими ва касбий тайёргарлиги баҳоланди. Дастур BC, CE ёки D тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга 19-35 ёшдаги фуқаролар учун мўлжалланган.
Япон тилини N4 даражасида ёки ундан юқори билувчилар иш берувчилар билан тўғридан-тўғри суҳбатлашиш имкониятига эга бўлмоқда. Тилни билмайдиган номзодлар эса махсус курсларда бошланғич даражадан таълим олади.
Дастур доирасида япон тили ва касбий тайёргарлик бепул ўқитилади, шунингдек, иштирокчилар ўқиш даврида бепул турар жой билан ҳам таъминланади.
[gallery-https://uza.uz/ru/collection/32608]
Мусулмон Зиё,
Отабек Мирсагатов (сурат),
ЎзА