Хитойда кўмир конида портлаш содир бўлди: қурбонлар бор
Хитойнинг шимолида жойлашган Шаньси провинциясидаги “Лушэньюй” кўмир конида мудҳиш ҳодиса юз берди. Конда кучли газ портлаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 90 нафарга етди, деб хабар бермоқда "BBC" нашри.
Таъкидланишича, портлаш юз берган вақтда кон ҳудудида жами 247 нафар ишчи бўлган. Ҳалокатнинг илк соатларида 82 нафар кончи қурбон бўлгани ва яна 9 киши бедарак йўқолгани ҳақида айтилган эди, бироқ кейинги қидирув-қутқарув ишлари давомида қурбонлар сони яна ортгани маълум бўлди.
Ҳозирда воқеа жойида вазиятни барқарорлаштириш ва омон қолганларни излаш бўйича қутқарув амалиёти давом этмоқда. ХХР етакчиси Си Цзиньпин ушбу фожиа юзасидан зудлик билан баёнот бериб, жабрланганларга тиббий ва моддий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, кон остида қолиб кетганларни қутқариш учун давлатнинг барча имкониятларини сафарбар этишга чақирди.
Шу билан бирга, давлат раҳбари ҳукумат тизимларига ҳалокат келиб чиқиш сабабларини синчиклаб ўрганиш ва бу ишга масъулиятсизлик билан ёндашган айбдор шахсларни қатъий жавобгарликка тортиш бўйича топшириқ берган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА