БААда Қурбон ҳайити арафасида минглаб маҳкумлар афв этилди
Бирлашган Араб Амирликларида Қурбон ҳайити муносабати билан кенг кўламли афв эълон қилинди. Мамлакат президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган 956 нафар маҳкумни озод қилишга фармон берди. Шунингдек, у маҳкумлар зиммасидаги молиявий мажбуриятларни ҳам тўлаб бериш ташаббусини илгари сурди.
Ахборот ҳамкоримиз - “WAM” хабар беришича, БААдаги Рас-ал-Хайма амирлиги раҳбари Шайх Сауд бин Сақр Ал Қосимий ҳам 443 нафар маҳкумни афв этган. Улар турли жиноятлар бўйича жазо ўтаётган бўлиб, тарбияланиш ва яхши хулқ талабларига жавоб берган. Амирлик расмийлари бу қарор маҳкумларга янги ҳаёт бошлаш имконини беришини таъкидлади.
Шаржа амирлигида ҳам Қурбон ҳайити арафасида 227 нафар маҳкум озодликка чиқарилди. Амирлик етакчиси Шайх Султон бин Муҳаммад Ал Қосимий ушбу қарорни инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойиллари асосида қабул қилди. Озод этилганлар яхши хулқи ва интизоми билан афв шартларига мос келган.
БАА расмийлари бундай қарорлар жамиятда меҳр-оқибат, кечиримлилик ва ижтимоий барқарорлик муҳитини мустаҳкамлашини билдирмоқда. Шунингдек, маҳкумларни оилалари бағрига қайтариш орқали уларнинг жамиятга қайта мослашишига шароит яратилиши таъкидланди. Қурбон ҳайити муносабати билан эълон қилинган афв мамлакатда анъанавий инсонпарварлик сиёсати давом этаётганини кўрсатмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА