“Эпидемия назоратдан чиққан”: КДРда “эбола” вирусининг тез тарқалиши хавотир уйғотмоқда
Конго Демократик Республикасида (КДР) “эбола”нинг янги штамми, халқаро ёрдам пакетларининг қисқариши ҳамда жисмоний мулоқот билан боғлиқ маданий урф-одатлар эпидемияни жиловлашни қийинлаштирмоқда.
– “Эбола” эпидемиясининг мамлакат бўйлаб бундай тез суръатларда тарқалаётгани жуда хавотирли, -дейди “Mercy Corps” ташкилотининг КДР бўйича директори Роуз Чвенко. – Очиғини айтганда, вируснинг янада кенг ҳудудларга тарқалиш хавфи реал ҳолатда ва зудлик билан минтақавий ҳамда халқаро ёрдам зарур.

“Alima” гуманитар ташкилотининг Буния шаҳридаги кординатори Ҳама Амадо ҳам вирус тобора кучайиб, кўплаб нуқталарга тарқалаётганини таъкидлади.
– Ҳамма сафарбар бўлиши керак, -деди у “Associated Press” ахборот агентлигига берган интервьюсида. – Вазият назорат остида, деб айтишга ҳали жуда эрта.
Тиббиёт экспертлари фикрича, тана суюқликлари (тер, аксириш) ёки зарарланган буюмлар орқали юқадиган ушбу вируснинг ўлим даражаси тахминан 25 фоиздан 90 фоизгача бўлиб, у қон томирларига жиддий зарар етказади ва баъзан кучли ички ҳамда ташқи қон кетишларига сабаб бўлади.
Жорий йил 24 апрель куни ўлканинг шимоли-ғарбидаги Итури вилояти маркази Буния шаҳрида ушбу вирус натижасида биринчи қурбон вафот этганидан буён қарийб 750 та гумонли ҳолат ва 177 та эҳтимолий ўлим қайд этилди.

Мамлакатда тиббиёт муассасалари қисқа вақт ичида ортиқча юкламага дуч келган. “Чегара билмас шифокорлар” (MSF) ташкилотининг фавқулодда дастурлар бўйича менежери Триш Ньюпортнинг айтишича, уларнинг жамоаси дам олиш кунлари Буниядаги “Салама” шифохонасида мазкур вирусни юқтирган беморларни аниқлаган, аммо ҳудудда изоляция бўлими учун бўш жой топилмаган.
– Қўнғироқ қилинган ҳар бир тиббиёт муассасаси “Бизда беморлар кўп, бўш жойнинг ўзи йўқ”, деб жавоб берди, -деди у. – Бу ҳозирги вазият нақадар оғир эканини кўрсатади.
Таъкидланишича, ёрдам ишларини бир қатор омиллар қийинлаштирмоқда. Жумладан, вируснинг ушбу штамми учун тасдиқланган даво ёки вакцина мавжуд эмаслиги, эпидемия кузатилаётган ҳудудларнинг чекка ёки қуролли тўқнашув марказларида жойлашганлиги, шунингдек, маҳаллий дафн маросимлари санитария талабларига зид келиши катта тўсиқ бўлмоқда.

Бу ҳолатлар халқаро ёрдам пакетларининг кескин қисқариши фонида юз бермоқда. Бунга айниқса, АҚШ президенти маъмурияти томонидан ташқи ёрдам харажатларининг қисқартирилиши катта таъсир кўрсатган.
Халқаро Қизил Хоч қўмитаси (ICRC)нинг жорий йил бошида эълон қилинган тадқиқотига кўра, вирус ҳолатлари қайд этилган Шимолий ва Жанубий Киву вилоятларида ўрганилган тиббиёт муассасаларининг ярмидан кўпи қуролли можаролар туфайли зарар кўрган ёки вайрон бўлган. Шунингдек, 2025 йил январидан бери хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар сабаб тиббиёт ходимларининг қарийб ярми иш жойини тарк этган.
Бу ҳафта содир бўлган икки воқеа вазиятни янада оғирлаштирувчи омилларни яққол намоён қилди.
Сешанба куни “Иттифоқдош демократик кучлар” (ADF) номли қуролли гуруҳ Итури вилоятидаги Мамбаса шаҳри яқинидаги бир нечта қишлоққа ҳужум қилиб, камида 17 кишини ўлдирган.

– Биз икки фронтда урушяпмиз: бири душманга, иккинчиси эса касалликка қарши, -деди “ADF” ҳужуми туфайли акасидан айрилган Заводи Жанна.
Энг ачинарлиси, пайшанба куни Буния яқинидаги Рвампара ҳудудида маҳаллий аҳоли “эбола” қурбонининг жасадини мустақил равишда дафн қилишга рухсат берилмаганидан сўнг даволаш марказига ўт қўйди.
“Эбола” қурбонларини дафн қилиш жараёни вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида махсус хизматлар томонидан амалга оширилади. Бироқ айрим оилалар жасадни ювиш каби анъанавий маросимларни афзал кўради. Аввалги эпидемиялар шу каби урф-одатлар вирус тарқалишининг асосий омилларидан бири эканини кўрсатган.
Рвампарадаги воқеа КДР ҳукумати учун хавфсиз дафн қоидаларини жорий этиш қанчалик мушкул эканини яна бир бор кўрсатди.

Ҳодиса жойида бўлган маҳаллий қабила бошлиғи Батакура Замунду Мугени айтишича, ҳукумат соғлиқни сақлаш ходимлари билан ҳамкорликда қочиб кетган беморлар ва улар билан мулоқотда бўлган шахсларни изламоқда. У тартибсизликларни касаллик хавфини англамаган ёшлар билан изоҳлади.
Жума куни ҳудуд маъмурияти жаноза йиғинларини тақиқлади ва дафн ишларини фақат махсус тайёрланган гуруҳлар амалга оширишини маълум қилди. Шунингдек, жасадларни тиббий бўлмаган транспорт воситаларида ташиш тақиқланди ва оммавий йиғилишлар 50 нафар киши билан чекланди.
Жисмоний мулоқотдан сақланиш бўйича чақириқлар ҳам маҳаллий маданий анъаналар туфайли қийин кечмоқда.
– Бизда қўл бериб саломлашиш кундалик ҳаётнинг бир қисми, -дейди Буниялик Жексон Лубула. – Бу касаллик шароитида ҳар қандай кичик хато қимматга тушиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир саломлашувдан кейин қўлимни совун билан ювишга қарор қилдим.

Эпидемия кузатилаётган ҳудудлардан келаётган хабарлар вирус узоқ вақт сезилмай тарқалган бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
“ActionAid” ташкилоти томонидан Буния, Низи ва Нянкунде ҳудудларида ўтказилган тезкор таҳлил натижаларига кўра, мактабларнинг қарийб учдан бири камида битта гумонли “эбола” ҳолати ёки бемор билан яқин алоқада бўлган шахсни қайд этган. Рвампара аҳолисининг айтишича, касаллик тўсатдан бошланган ва дастлаб безгак каби оддий хасталик деб ўйланган.
– У юраги оғриётганини айтди. Кейин қаттиқ оғриқдан йиғлай бошлади. Шундан сўнг унда қон кетиш ва кучли қайт қилиш кузатилди, -деди вирус туфайли ўғлини йўқотган маҳаллий аҳоли вакили Ботвине Сванзе.

Қизил Хоч қўмитасининг шифокори, аввалги икки “эбола” эпидемиясида ишлаган доктор Нурия Каррера Граньо КДРдаги вазиятни инсонпарварлик, сиёсий ва хавфсизлик инқирозларининг бирлашган кўриниши, деб атади.
Унинг таъкидлашича, халқаро ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш бўйича аввалги эпидемиялар тажрибасидан фойдаланиш зарур.
– Вақтни бой беришга ҳаққимиз йўқ, -деди у.
Эпидемияни назорат қилиш мақсадида КДР ҳукумати “эбола”га қарши кураш тажрибасига эга шифокорлар билан ҳамкорлик қилмоқда.
“Alima” ташкилотининг реанимация шифокори Ричард Кожаннинг айтишича, бу эпидемия аввалгиларига жуда ўхшайди: касаллик кеч аниқланган, ресурслар етарли эмас ва дастлаб вакцина бўлмаган.

– Эпидемия назоратдан чиққан, -деди у ҳафта бошида Киншасадан Итурига жўнаб кетишидан олдин.
“Бундиибугё” штамми учун вакцина ва тасдиқланган даво мавжуд эмаслиги сабабли, шифокорлар беморларга интенсив терапия сифатини ошириш, шунингдек, гумонли ҳолатлар бўйича кузатув ва алоқаларни аниқлаш ишларини кучайтиришга ҳаракат қилмоқда.
– Агар беморлар эрта босқичда даволаш марказига ётқизилса, организмдаги вирус юкламаси паст бўлади ва сифатли даволаш орқали уларнинг омон қолиш эҳтимоли юқори бўлади, -деди Кожан.

“Alima” жамоаси шунингдек “Cube” деб номланган кўчма даволаш модулини жорий қилмоқда. У шаффоф пластик конструкциядан иборат бўлиб, беморлар, уларнинг яқинлари ва тиббиёт ходимлари ўртасида ҳимоя кийимисиз ҳам мулоқот қилиш имконини беради. Кожан бу ғояни 2014–2016 йиллардаги “эбола” эпидемияси тажрибасидан келиб чиқиб ишлаб чиққан.
Вирус тарқалиши ортидан Буния аҳолиси орасида хавотир кучаймоқда. Кўпчилик яқинлари ёки танишлари касалликка чалинганини эшитган.
– “Эбола” деган номнинг ўзи мени қўрқитади, -дейди Рвампарадаги шифохонада ётган жияни ҳақида гапирган Жанна.
Шунга қарамай, у умидини йўқотмаган.
– Келажакни фақат худо билади, -деди у. – Мен касаллик тарқалади, аммо жуда даҳшатли даражага етмайди, деб ишонаман. Ҳозирча яхшиликка умид қилишдан бошқа иложимиз йўқ.
Ўткир Алимов, ЎзА