Берлин қурол саноатида “қирол” бўлмоқчи
Германия ҳукумати Европадаги йирик ҳарбий техника ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган “KNDS” компанияси акцияларининг 40 фоизини сотиб олишни режалаштирмоқда. “AFP” агентлиги тарқатган маълумотга кўра, кейинчалик бу улуш икки-уч йил ичида 30 фоизгача қисқартирилади.
Ҳозирда “KNDS”нинг бир қисми Франция давлат компаниясига тегишли бўлса, қолган акциялар ГФРнинг Вегманн оиласи қўлида. Янги келишувдан кейин Германия ҳам Франция каби қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Европада хавфсизлик масалалари кескинлашгани сабабли қурол ишлаб чиқарувчи корхоналарга қизиқиш ортиб бормоқда. Шу боис, “KNDS” акцияларини очиқ бозорга чиқариш режаси ҳам кун тартибига чиққан. Германия ҳукумати эса ҳарбий саноатда мустақил таъсирини сақлаб қолишга уринмоқда.
“KNDS” ГФР ва Франция армиялари учун танк, узоқ масофага ўқ узувчи артиллерия қуроллари ҳамда бошқа ҳарбий техникалар ишлаб чиқаради. Компания “Leopard 2” танклари билан дунёда машҳур ҳисобланади.
Мусулмон Зиё, ЎзА