Хитойда ҳам кетма-кет икки марта кучли зилзила юз берди
Хитой шимоли-ғарбида жойлашган Цинхай музофотида сешанба куни тушга яқин 18 дақиқа оралиғида кетма-кет икки зилзила содир бўлди. Бу ҳақда АҚШ Геология хизмати (USGS) маълум қилди.
USGS маълумотига кўра, ер силкиниши маҳаллий вақт билан соат 11:16 ва 11:34 да қайд этилган. Магнитуда мос равишда 5,7 ва 5,8 ни ташкил этган. Ҳар икки ўчоқ ер юзасидан 10 километр чуқурликда жойлашган. Ҳозирча қурбонлар ёки жиддий вайронагарчилик ҳақида расмий маълумот берилмади. Бу ҳақда “AP News” хабар берди.
Аҳоли сийрак яшайдиган бу ҳудудда зилзила тез-тез кузатилади. Марказий телевидение (CCTV) тарқатган видео лавҳада ер силкиниши оқибатида қоядан чанг булути кўтарилгани акс этган.
Зилзила қўшни Ганьсу провинциясининг йирик шаҳри ҳисобланган Ланжоуда ҳам сезилган. Ижтимоий тармоқда тарқалган тасвирда уй ичидаги осма чироқ кучли тебранаётгани кўринган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА