Туркия Украина бўйича музокарани иложи борича тезроқ ташкил этишга тайёр
Томонлар музокара даврасига ўтиришга тайёрликларини тасдиқласа, Туркия Истанбулда Украина бўйича янги музокара босқичини имкон қадар тезроқ ташкил этишга тайёр, деди “РИА Новости” агентлигига дипломатик манба.
25 июль куни Омскда Россия Президенти Владимир Путин билан учрашувда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Истанбул келишувидан Украина билан можарони ҳал қилиш учун фойдаланиш мумкинлиги ҳақида фикр билдирди. Ўз навбатида, Ҳукумат аъзолари билан учрашувда Путин РФ 2022 йил Истанбулда эришилган келишув асосида Украина билан тинчлик музокарасига тайёрлигини таъкидлаган.

Россия ва Украина 2025 йил Истанбулда уч бор бевосита музокара ўтказган. Мулоқотлар натижасида бир неча бор асирлар алмашинуви амалга оширилган. Шунингдек, томонлар муаммони ҳал қилиш бўйича меморандум лойиҳасини алмашган.
Туркия Россия – Украина низосини мудом кун тартибида ушлаб туриб, мазкур масала бўйича АҚШ билан алоқани сақлаб келмоқда, – деди Анқарадаги дипломатик манба “РИА Новости” мухбирига.
Туркия бир неча бор Москва ва Киев ўртасида воситачилик қилган. 2022 йил Истанбулда биринчи юзма-юз Россия – Украина музокараси бўлиб ўтди. Кейинчалик Анқара ва БМТ воситачилигида Қора денгиз дон ташаббуси амалга оширилди. Сўнгги ойларда Туркия раҳбарияти бевосита ўзаро мулоқот учун майдон яратишга тайёрлигини яна бир неча бор такрорлади.

Аввалроқ РФ етакчиси матбуот котиби Дмитрий Песков Россия ўз мақсадига сиёсий ва дипломатик музокара орқали эришиш учун очиқлиги, Киев эса тинчлик жараёнига мойил эмаслигини таъкидлаган.
С.Раҳимов, ЎзА