Хитой корпорацияси билан агротехника суғуртаси масалалари муҳокама қилинди
Қишлоқ хўжалиги вазири Хитойнинг "SINOSURE" корпорацияси вакиллари билан учрашди. Музокараларда қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш, молиявий хавфларни суғурталаш ва ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Хитой экспорт кредитларини суғурталаш корпорацияси (SINOSURE) Лойиҳаларни суғурталаш ва андеррайтинг департаменти бош директори Ванг Ху билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Хитой ўртасида қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб бериш ва харид қилиш борасида эришилган келишувлар, мавжуд ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболдаги режалар муҳокама қилинди. Хусусан, Хитойда ишлаб чиқарилган пахта териш машиналарини харид қилишни молиялаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва ушбу жараённи суғурта билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, мазкур техникаларни харид қилиш учун жалб этилган молиявий ресурсларни суғурталаш, бунда “SINOSURE” корпорациясининг имкониятлари ва хизматларидан фойдаланиш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш ва молиялаштириш жараёнларида молиявий хавфларни камайтириш, суғурта механизмларини такомиллаштириш ҳамда келгусида ушбу йўналишдаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. Суҳбат якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликни давом эттириш, билдирилган таклифларни амалий жиҳатдан ишлаб чиқиш ва истиқболли йўналишларда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА