Германиядан келтирилган наслли чорва моллари аҳолига устамасиз нархларда берилади
Германиядан Навоий вилоятига олиб келинган “Симментал” зотли қорамоллар аҳолига устамасиз нархларда тақдим этилади. Бу чорвачиликда сифат ва самарадорликни оширишга хизмат қилади.
“Навоий Агро – Стар” ихтисослашган компанияси томонидан Навоий вилоятига Германиянинг “Förster Livestock” компаниясидан 163 бош “Симментал” зотли наслли қорамол олиб келинди.

Ушбу зот, мутахассисларнинг таҳлилларига кўра, гўшт-сут йўналишида маҳсулдор, касалликларга чидамли ва турли иқлим шароитларига мослашувчан ҳисобланади.
Эътиборли жиҳати, чорва молларининг ҳар бири маълум муддатлар ҳисобида бўғоз.
Мазкур қорамоллар мамлакатимизга олиб келингач, махсус тайёрланган карантин ҳудудига жойлаштирилди. 1 ой мобайнида улар белгиланган тартибда зарур ветеринария кўриклари ва профилактик тадбирлардан ўтказилади.

Шунингдек, сентябрь ойида Австриянинг яна бир машҳур компаниясидан 150 бош “Симментал” зотига мансуб наслли қорамол мамлакатимизга олиб келиниб, улардан 93 боши аҳолига, қолган қисми эса фермер хўжаликларига устамасиз нархларда етказиб берилган.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА