ХХРнинг Фарғона вилоятига инвестицияси 1,5 млрд.долларга етади
Фарғона вилояти бугун 60 дан зиёд давлатлар билан иқтисодий алоқани йўлга қўйган ва улар билан савдо-сотиқ қилади, қўшма корхоналар тузган, инвестицион лойиҳалар амалга оширади. Масалан, 2026 йилда Фарғона вилоятига ХХР нинг 1,5 млрд.доллар инвестиция киритиши режалаштирилган.
Шунинг учун ҳам Фарғона вилояти ва Хитойнинг провинциялари, компания ва корпорациялари билан тўғридан-тўғри алоқалар тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзоҳид Убайдуллаев бошчилигидаги делегациянинг ХХРга навбатдаги ишчи сафари ҳам илгари эришган муносабатларни мустаҳкамлаш, янги лойиҳаларни муҳокама қилишни мақсад қилган эди.

Ташриф доирасида Шенси провинцияси Шанглуо шаҳар халқ ҳукумати вице-мери Вен Лин хоним билан учрашув ўтказилди. Мулоқотда ҳудудлараро савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, ўзаро делегациялар ташрифини фаоллаштириш ҳамда келгусида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, делегация аъзолари Хитойнинг қатор йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишди. 20 га яқин етакчи компаниялари вакиллари билан келгусида ҳамкорлик қилиш юзасидан мулоқотлар ўтказилди. Хусусан, “Чина Cонструcтион Саусум” компаниясининг молиявий ресурсларидан самарали фойдаланган ҳолда “Фарғона-Инвест” компанияси билан ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари атрофлича кўриб чиқилди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА