Жиззах–Хитой ҳамкорлиги: янги имкониятлар босқичи
Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев бошчилигидаги делегациянинг Хитой Халқ Республикасига амалга ошираётган хизмат сафари доирасида ўтказилган учрашув ва мулоқотлар воҳанинг халқаро иқтисодий алоқаларини кенгайтириш, янги инвестицияларни жалб қилиш ҳамда юқори технологияли ҳамкорликни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Делегация дастлаб Чунсин шаҳрида бўлиб ўтган “2026 йилги Халқаро дўстлик шаҳарлари ҳамкорлик конференцияси”да иштирок этди. 27 давлат вакиллари қатнашган нуфузли анжуманда савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Конференция доирасида ташкил этилган панель сессиялари ва бизнес мулоқотларида Жиззах вилоятининг инвестициявий салоҳияти, саноат имкониятлари, экспорт йўналишлари ҳамда истиқболли лойиҳалари тақдим этилди. Шунингдек, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ва давлат томонидан берилаётган имтиёзлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Чунсин шаҳри тадбиркорлари билан ўтказилган учрашувларда ишлаб чиқариш, логистика, қишлоқ хўжалиги ва саноат кооперацияси соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан амалий музокаралар олиб борилди. Бу эса Жиззах вилоятининг халқаро ишбилармонлик муҳитидаги ўрни ва салоҳияти тобора ортиб бораётганини кўрсатмоқда.

Хизмат сафарининг кейинги манзили Сиан шаҳри бўлди. Бу ерда делегация Учинчи Ўзбекистон–Хитой ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ҳамда Ўнинчи халқаро Ипак йўли кўргазмасида иштирок этди. Мазкур форум икки давлат ҳудудлари ўртасида саноат кооперацияси, инвестиция, экспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилаётган муҳим халқаро майдон сифатида эътироф этилмоқда.

Форум доирасида Жиззах вилояти билан Шандун провинцияси ўртасида ҳамкорлик бўйича англашув меморандуми имзоланди. Шунингдек, вилоят ҳокими Шандун провинцияси губернатори ўринбосари Сун Симин билан учрашув ўтказиб, саноат кооперацияси, экспорт, логистика ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Мулоқотлар давомида Жиззах вилоятида замонавий технологияларга асосланган саноат тармоқларини ривожлантириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва қўшма корхоналар ташкил этиш бўйича ўзаро манфаатли келишувларга эришилди.

Хизмат сафари доирасида агросаноат соҳасида ҳам муҳим музокаралар ўтказилди. Хусусан, Хитойнинг йирик агросаноат компанияси — Xinjiang Boshiran Intelligent Agricultural Machinery раҳбари Чен Ён билан учрашувда Жиззах вилоятида агросаноат кластерлари ташкил этиш, пахтани қайта ишлаш, юқори ҳосилдор пахта навларини жорий қилиш ва қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Компания томонидан замонавий агротехнологиялар, интеллектуал агромашиналар ва автоматлаштирилган ишлаб чиқариш тизимлари тақдим этилди. Бу каби технологияларнинг жорий қилиниши қишлоқ хўжалигида меҳнат унумдорлигини ошириш, ресурс тежамкорлигини таъминлаш ва экспорт ҳажмини кўпайтиришда муҳим омил бўлиши таъкидланди.

Хизмат сафари доирасида таълим соҳасида ҳам муҳим келишувларга эришилди. Сиан шаҳрида бўлиб ўтган форум доирасида Жиззах давлат педагогика университети, Sian International Education University ҳамда Beijing Financial Street Education Investment ўртасида уч томонлама ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Ҳамкорлик доирасида “хитой тили + касбий кўникмалар” тамойили асосида таълим дастурларини йўлга қўйиш, хитой тили ва маданияти марказини ташкил этиш, шунингдек, ҳудудда фаолият юритаётган Хитой корхоналари учун мутахассислар тайёрлаш режалаштирилган.
Бугун Жиззах вилоятининг Хитой билан йўлга қўяётган кўп қиррали ҳамкорлиги нафақат инвестиция ва саноат соҳасида, балки таълим, инновация ва инсон капитали ривожида ҳам янги имкониятларни очмоқда. Энг муҳими, бу каби амалий мулоқот ва келишувлар Янги Ўзбекистоннинг очиқ, прагматик ва инвестициявий жозибадор давлат сифатидаги халқаро нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири