АЁҚШларда нақдсиз тўловлар: 20 кунда умумий тушум 2,17 трлн. сўмни ташкил этган
Маълум қилинишича, 2026 йил май ойининг дастлабки 20 кунида автотранспорт воситаларига ёнилғи қуйиш шохобчалари (АЁҚШ) орқали амалга оширилган нақдсиз тўловлар ҳажми юқори фаоллик билан давом этди.
Марказий банкнинг маълум қилишича, жорий йилнинг 1-20 май кунлари давомида умумий тушум 2,17 трлн. сўмни ташкил этган. Амалга оширилган транзакциялар 15,2 миллионтани, кунлик ўртача транзакциялар 760,6 мингта, кунлик ўртача тушумлар эса 108,6 млрд. сўмни ташкил этган.
Мазкур кўрсаткичлар мамлакатда нақдсиз ҳисоб-китоблар тизими, хусусан ёнилғи бозорида рақамли тўловлар улуши кенгайиб бораётганини кўрсатмоқда.
Таҳлилларга кўра, тушумнинг асосий қисми банк карталари орқали амалга оширилган тўловлар ҳиссасига тўғри келди. Банк карталари 90,3 фоизни, “Moment bank” карталари 6,7 фоизни, ёнилғи карталари 3,0 фоизни ташкил этган.
9-12 май кунлари АЁҚШларда энг юқори тўлов фаоллиги кузатилиб, ушбу даврда умумий тушум 397,7 млрд. сўмни ташкил этди. Кейинги кунларда нисбатан пасайиш қайд этилган бўлса-да, умумий кўрсаткичлар барқарор юқори даражада сақланиб қолмоқда.
Эслатиб ўтиш жоиз, 2026 йил апрель ойининг 1-22 кунларида АЁҚШларда нақдсиз тўловлар ҳажми 2,49 трлн. сўмдан ошган бўлиб, кунлик ўртача тушум 113,1 млрд. сўмни ташкил этган.
Таҳлиллар ёнилғи бозорида нақдсиз тўловлар улуши босқичма-босқич ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Бу эса рақамли тўлов тизимларининг кенгайиши ҳамда молиявий операцияларнинг шаффофлашувига хизмат қилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА