Ҳазрат Навоийга эҳтиром
Шу кунларда Навоий вилоятининг барча ҳудудларида буюк мутафаккир шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар бошлаб юборилди.
Давлатимиз раҳбари 2024 йил 31 октябрь – 1 ноябрь кунлари вилоятга ташрифи давомида буюк бобомиз номи билан аталадиган Навоий вилояти маънавий тарбия, маърифий юксалиш йўлида барчага ўрнак бўлиши кераклигини таъкидлаб, 2025 йилни вилоятда “Алишер Навоий йили” деб эълон қилишни таклиф этган эди. Ушбу ташаббус доирасида республика танлови ва навоийхонлик кечалари ўтказилиши, ёшларбоп китоблар чоп этилиши, шоир асарлари бўйича фильмлар тайёрланиши, “Янги Навоий” шаҳарчасида муҳташам ҳайкал ва музей барпо этилиши ғояси илгари сурилганди.

Ташаббус доирасида ўтказилаётган тадбирларда Алишер Навоий асарларида илгари сурилган миллий ва умуминсоний ғояларнинг жаҳон тамаддунида тутган ўрни ҳамда ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, улар қалбида юксак ахлоқий фазилатларни тарбиялашдаги беқиёс аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида ташкил этилди.
Унда Навоий давлат университети Ўзбек тили ва адабиёти факультетининг Қорақалпоқ тили ва адабиёти таълим йўналиши талабалари иштирок этди.

– Сўз мулкининг султони ҳаёти ва ижодига бағишланган мазкур тадбирда Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ривожида ҳам алоҳида ўрин эгаллаши хусусида сўз юритилди, – дейди филология фанлари бўйича фалсафа доктори Марат Шамуратов. – Шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний, ватанпарварлик ғояларини, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ҳамда чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб, мустаҳкам ўрин эгаллаган. Алишер Навоийнинг адабий меросини тизимли ва мунтазам равишда ўрганиш ҳамда тарғиб қилиш биз учун ҳам шараф, ҳам бурч.

“Навоийнинг нурли излари” деб номланган адабий-бадиий тадбирда талабалар томонидан намойиш этилган саҳнавий чиқишлар, жозибадор рақслар, шоир ғазаллари асосида ижро этилган қўшиқлар ва шеърий бағишловлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири