Хатирчи туманида ижтимоий хизматлар кўлами кенгаймоқда (+видео)
Навоий вилоятининг Хатирчи туманида аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.
Тумандаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан фуқароларнинг индивидуал эҳтиёжларидан келиб чиқиб, уларга зарур ижтимоий хизмат ва ёрдамларни манзилли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
- 2025 йили кундузги парвариш хизматини бошлагандик, - дейди тадбиркор Камолиддин Турсунов. - Дастлаб уч ёшдан ўн саккиз ёшгача бошлагандик. Мана ҳозирги кунда ўн саккиз ёшдан катталарга ҳам кундузги қатнов хизматини ташкил қилдик. Уларга дефектолог хизмати, массаж хизматлари, меҳнат терапиясидан тикишни, расм чизишни йўлга қўйганмиз. Ҳозирда кундузги парвариш хизматида олтита иш ўрни яратганмиз. Буларнинг имкониятларидан келиб чиқиб, уйидан қатнаш учун транспорт хизматини йўлга қўйганмиз. Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган болаларимиздан юролмайдиганлари юриб кетган, гапириши яхши бўлмаган болаларимизнинг гаплари яхшиланган. Ютуқларимиз бор. Буларнинг ҳаммаси мутахассисларимиз ишлаганидан, шу меҳнатимиз самарасидир. Ота-оналаримиз ҳам ютуқларимиздан хурсанд. Ўзимизнинг кундузги қатновимизга қатнайдиган болаларимизнинг онасини ҳам ишга олганмиз. Келажакда бу соҳани янада кенгайтириб, янги иш ўринларини яратиш ниятимиз бор.

Бугунги кунда Хатирчи туманида 22,2 минг нафар фуқаро ижтимоий хизматлар билан қамраб олинган. Бу эса ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини аниқлаш, уларнинг эҳтиёжларини ўрганиш ва манзилли хизматлар кўрсатиш борасидаги ишлар кўлами тобора кенгайиб бораётганини кўрсатади.
- Одамзод ҳеч қачон бир жойда тўхтаб қолмаслиги керак, - дейди Севара Бузрукова. - Қизчамнинг тоби бўлмай, шифокорга борган вақтларимизда, “Сиз енгилишингиз мумкин эмас, бола сиздан қувват олади”, деб далда бўлишган. Шу нарса, кейин атрофимдаги инсонларнинг ёрдами, яқинларим, айниқса, хўжайинимнинг “Майли, боланг билан бўлса ҳам ўқи”, деб берган ёрдамлари сабаб енгилишим мумкин эмаслигини англатди. Ўша вазиятга борганимизда ўқишимизни ҳам, ўқитувчиларим ҳам тушуниб, менга кўмаклашгани жуда ҳам ёрдам бўлган. Мен онаман, фарзандларим учун, уларнинг келажаги учун доим ҳаракатда бўламан. Ижтимоий ҳимоя агентлиги томонидан ҳам менга катта кўмаклар бўлган. Илгари болам ўзимдан узоқда эди. Уларнинг ёрдами билан фарзандимни бу ерга - кундузги парваришга олиб келдим. Куни билан парваришда, кечқурун эса оиламиз даврасида. Болам кундузги парваришга боргандан буён ўзгаришлар жуда ҳам яхши. Ижтимоий тизимдаги янгиликлар, мана шундай қўллаб-қувватлашлар менга ўхшаган хотин-қизларга жуда катта ёрдам бўлмоқда.

Энг муҳими, ижтимоий хизматларнинг янги шакллари аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжларига мослаштирилмоқда. Натижада илгари айрим хизматлардан фойдаланишда қийинчиликка дуч келган фуқаролар учун имкониятлар кенгайиб, уларнинг оилалари учун ҳам муайян қулайликлар яратилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА