Ҳамкорликнинг янги имкониятлари
Бугунги глобаллашув даврида халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, маданий меросни асраб-авайлаш ва уни кенг тарғиб этиш билан бир қаторда, иқтисодий ҳамкорликнинг янги қирраларини кашф қилиш ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, маданият халқларни бир-бирига яқинлаштирса, ўзаро ишонч, манфаатли ҳамкорлик ва муштарак мақсадлар бу яқинликни мустаҳкам пойдеворга айлантиради.
Айни нуқтаи назардан, Бухорода ўтказилаётган “Озарбайжон маданияти кунлари” икки халқнинг тарихий-маданий яқинлигини намоён этиш баробарида, ҳудудлараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун ҳам муҳим имконият бўлмоқда.
Мазкур тадбирлар доирасида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповнинг Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Рашад Маммадов билан учрашуви бўлиб ўтди. Мулоқотда икки томонлама алоқаларни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда туризм ва маданий-гуманитар соҳалардаги шериклик истиқболлари муҳокама қилинди.
Бухоро ва Озарбайжонни асрлар давомида шаклланган тарихий-маданий муштараклик, бой маънавий мерос ва анъаналар яқинлаштириб келади. Бундай маънавий яқинлик бугунги кунда иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, тадбиркорлар ўртасида ишончли шерикликни йўлга қўйиш ва янги қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун ҳам мустаҳкам замин яратади.
Учрашувда Бухоро вилоятининг иқтисодий имкониятлари, саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни янги мазмун билан бойитиш юзасидан фикр алмашилди.
Дарҳақиқат, Бухоро бугун фақат тарихий обидалари ва бой маданий мероси билан эмас, балки саноат, хизмат кўрсатиш, тадбиркорлик ва туризм йўналишларидаги имкониятлари билан ҳам эътибор марказида. Бу салоҳиятдан самарали фойдаланиш, уни халқаро ҳамкорлик орқали янада кенгайтириш ҳудуд иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим омилдир.
Озарбайжон билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш эса икки томон тадбиркорлари учун янги мулоқот майдонларини яратиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни излаш ва мавжуд имкониятларни амалий натижаларга айлантириш нуқтаи назаридан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда хорижий давлатлар билан дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, очиқ ва ўзаро манфаатли ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, ҳудудларнинг инвестициявий салоҳиятини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу ёндашувнинг муҳим жиҳати шундаки, халқаро ҳамкорлик фақат расмий учрашувлар ва дипломатик мулоқотлар билан чекланиб қолмаслиги, балки ҳудудлар иқтисодиётига инвестиция киритиш, янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилиши лозим.
Бухоро вилояти раҳбариятининг хорижий ҳамкорлар билан мулоқотларида ҳам ана шу мақсадлар устувор аҳамият касб этади. Ботир Зарипов учрашув давомида хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва икки томонлама алоқаларни амалий натижалар билан бойитиш муҳимлигини таъкидлади.

Бу, энг аввало, мавжуд иқтисодий имкониятларни чуқур ўрганиш, истиқболли лойиҳаларни аниқлаш, уларни ҳаётга татбиқ этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш ҳамда ҳамкорликнинг узлуксизлигини таъминлашни тақозо этади.
Бухоро ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири туризмдир. Зеро, икки халқнинг бой тарихий мероси, меъморчилик анъаналари, миллий урф-одатлари ва маънавий қадриятлари сайёҳлик алоқаларини ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратади.
“Озарбайжон маданияти кунлари” каби тадбирлар халқларнинг бир-бири ҳақидаги тасаввурларини бойитиш, маданий меросга бўлган қизиқишни ошириш ва ўзаро саёҳатлар учун рағбат уйғотишга хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида туризм инфратузилмаси, меҳмонхона бизнеси, транспорт, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида янги ҳамкорлик лойиҳалари учун имкониятлар эшигини очади. Шу маънода, маданий тадбирларни иқтисодий ҳамкорлик билан уйғунлаштириш муҳимдир. Чунки маданий алоқалар орқали пайдо бўлган қизиқишни сайёҳлик оқимига, сайёҳликни эса тадбиркорлик ва инвестиция ташаббусларига айлантириш мумкин.

Элчи Рашад Маммадов ҳам Бухоро вилояти билан ҳамкорликни ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва истиқболли йўналишларда алоқаларни кенгайтиришга қизиқиш билдирди. Бу эса икки томонлама мулоқотни янги ташаббуслар билан бойитиш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш, янги ташаббусларни амалга ошириш ва ҳудудлараро алоқаларни янада мустаҳкамлашга келишиб олдилар. Энг муҳими, бундай мулоқотларнинг самараси эришилган келишувларнинг ҳаётдаги ифодаси билан белгиланади. Инвестиция лойиҳаларининг амалга ошиши, янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши, тадбиркорлар ўртасида шерикликнинг кенгайиши, сайёҳлар оқимининг ортиши ва маданий алмашинувларнинг мунтазам тус олиши ҳамкорликнинг аниқ натижаларини намоён этади.
Бухорода ўтказилаётган “Озарбайжон маданияти кунлари” ана шундай кенг қамровли мақсадларга хизмат қилиши мумкин бўлган муҳим мулоқот майдонидир. У халқлар ўртасидаги маънавий яқинликни мустаҳкамлаш билан бирга, иқтисодий имкониятларни бирлаштириш, янги ташаббусларга йўл очиш ва келажакдаги шериклик учун мустаҳкам замин яратишга хизмат қилади. Зеро, халқлар дўстлиги самимий мулоқотдан бошланади, ҳамкорлик эса ўзаро ишонч ва амалий ҳаракатлар билан мустаҳкамланади. Бухоро ва Озарбайжон ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришдан кўзланган асосий мақсад ҳам шу — тарихий яқинликни бугунги тараққиёт имкониятлари билан уйғунлаштириб, икки томон учун манфаатли натижаларга эришишдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири