Гулистонда 457 нафар ёшга кўмак берилди
Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида жорий йилнинг ўтган даврида “Ёшлар дафтари”га киритилган 491 нафар йигит-қиздан 457 нафари турли йўналишларда қўллаб-қувватланди, бандлиги таъминланди.
Шундан 112 нафар ёш доимий иш ўринларига жойлаштирилди, 69 нафарининг эса олий таълим муассасаларида таҳсил олиши учун шартнома тўловлари қопланди. 15 нафарига тиббий хизматдан фойдаланишда ёрдам кўрсатилди, шунингдек, сафарбарлик чақируви захирасидаги 32 нафар ёшнинг шартнома пули тўлаб берилди.

Ёшлар имкониятларини кенгайтириш мақсадида 104 нафар йигит-қиз тадбиркорлик фаолияти учун имтиёзли кредит олиб, ўз бизнесини йўлга қўйди. Шу билан бирга, 115 нафар ёшнинг илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги таълим харажатлари қоплаб берилди. 7 нафар ёш касб-ҳунарга йўналтирилди, 3 нафарга эса ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда амалий ёрдам кўрсатилди.
Бу ҳақда Гулистон туманида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди. Тадбирда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Адҳам Юнусхонов, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

– Ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича ишлар изчил давом эттирилади. Нафақат ёшлар, балки аҳолининг бошқа қатламлари муаммолари ҳам босқичма-босқич ҳал этилади. Асосий мақсадимиз — ишсизликни камайтириш, аҳолининг даромадини ошириш ва ҳар бир оиланинг фаровон турмуш кечириши учун шароит яратиш, – деди Адҳам Юнусхонов.
Анжуман якунида журналистлар ва жамоатчилик вакиллари ёшлар билан ишлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар, ёшларни иш билан таъминлашдаги устувор йўналишлар ҳамда келгуси режалар юзасидан ўз саволларига жавоблар олишди.
Ғулом Примов, ЎзА