Ғолиб жамоа финалга йўл олди
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказилган "Гимнастрада" мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби бу гал мусиқа ва ҳаракат ҳамоҳанглигига тўла саҳнага айланди. Жисмоний машқ, санъат ва эстетиканинг уйғунлигига асосланган “Гимнастрада” мусобақаси ёшларнинг жонлантирувчи чиқишлари билан томошабинлар кўнглидан жой олди.


Мусобақада вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан сараланган жамоалар иштирок этиб, ҳар бири саҳнада жисмоний маҳорати, мусиқа остидаги ҳаракатлар уйғунлиги, артистлик қобилияти ва жамоавий ҳамжиҳатлигини намоён этди.
Ширин шаҳри жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Ховос тумани жамоаси иккинчи, Сирдарё тумани жамоаси учинчи ўринни эгаллади. Ғолиб жамоалар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Энди Ширин шаҳри жамоаси “Гимнастрада” мусобақасининг мамлакат босқичида Сирдарё вилояти шарафини ҳимоя қилади.


Ғулом Примов, ЎзА мухбири