Жавоҳир Синдоров ва Гукеш Доммараджу 3-турдан кейин вариантларни нега биргаликда муҳокама қилди?
Швейцариянинг Женева шаҳрида жаҳон шахмат тожи ва чемпионлиги учун давом этаётган мусобақанинг 3-тур ўйинларидан кейин амалдаги чемпион ҳиндистонлик Гукеш Доммараджу ва ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров матбуот анжуманида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Анжуманда журналистлар икки гроссмейстердан ўйин тугагандан кейин биргаликда партиядаги вариантларни муҳокама қилганлиги ҳақида сўрашганда Гукеш катта босимга қарамай шахмат тожи учун рақобатни шахсий масала деб билмаслигини, ўзига тенгдош ва кучли рақиб билан ўйнаш унга ёқишини айтди.
Жавоҳир эса ўйин пайтида ташқи босим кучли бўлганлигини, рақиби билан вазиятларни таҳлил қилганлигини ва жаҳон тожи учун кечаётган ҳар бир баҳс катта завқ бераётганлигини таъкидлади.
– Сўнгги юришни 7 сонияда амалга оширдим. Умуман олганда, 3-тур ҳар жиҳатдан мураккаб кечди. Баъзи нарсалар устида ишлашим кераклигини тушундим. Шахмат баҳсида ҳар доим ҳам ғалаба қозониш учун ўйнашдан кўра, дуранг учун ҳаракат қилиш, мураккаб вазиятдан чиқиб кетиш қийин масала. Айрим ҳолатларда ўйин жараёнидаги тенгликка ишониб, баъзи позицион вариантларни ўтказиб юборган пайтларим ҳам бўлди, – деди Жавоҳир Синдоров.
Ўз навбатида, Гукеш Доммараджу бир рақибга қарши узоқ матчда ҳар икки томон бир-биридан ўзиб кетиш йўлини излаётганлигини, учта дурангдан кейин биринчи ғалабани қўлга киритиш босими борлигини, 14 партиялик матч ҳали ярмига етмаганини, икки томон ҳам имконият яратишга уринаётганлигини, ҳозирча яққол ғалаба имкониятлари вужудга келмаганлигини айтиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 27 ноябрь мусобақа низомига мувофиқ ҳар икки шахматчи учун дам олиш куни сифатида белгиланган.
Мукофот жамғармаси 2 500 000 АҚШ доллардан иборат жаҳон тожи учун матчнинг 4-тур ўйинлари 28 ноябрь куни бўлиб ўтади. Унда Жавоҳир Синдоров қора, Гукеш оқ доналарда ҳаракатланади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА