Дунё ареналарида Ўзбекистон спортчилари — янги синовлар ва юксак мақсадлар
Ўзбекистон спортчилари халқаро мусобақаларга тайёргарлик кўрмоқда. Мамлакатимизда эса спортни ривожлантириш, ёш истеъдодларни кашф этиш ва оммавий спортни ривожлантиришга қаратилган ишлар давом этмоқда.
Сув спорти: 1–6 декабрь кунлари Хитойнинг Пекин шаҳрида 25 метрли ҳавзада сузиш бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида тўрт нафар спортчи иштирок этади. Анастасия Зеленская 400 ва 1500 метрга эркин усулда, Паризод Абдукаримова 50 ва 100 метрга чалқанча усулда, Муҳаммадисмоил Раҳмонов 100 ва 200 метрга брасс усулида, Искандар Саъдуллаев эса 50 метрга брасс ҳамда 100 метрга комплекс сузиш баҳсларида юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
***
Волейбол: «Волейбол спорт турини янада ривожлантириш ва оммалаштиришнинг навбатдаги чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарорига мувофиқ, 2030 йилга қадар волейбол билан шуғулланувчилар сонини бир миллион нафарга етказиш, Ўзбекистон миллий терма жамоасини Халқаро волейбол федерацияси рейтингида юқори поғоналарга олиб чиқиш ва Осиёнинг энг кучли бешта жамоаси қаторига киритиш мақсад қилинган.
2026 йил 1 декабрдан ҳар бир туман ва шаҳарда камида битта мактабда волейболга ихтисослашган спорт клуби ташкил этилади. Шунингдек, клублар ўртасида «Келажак юлдузлари» мусобақаси ўтказилиб, Ўзбекистон волейбол федерацияси тизимида Миллий волейбол лигаси йўлга қўйилади.
***
Қиличбозлик: Тошкентда катталар ўртасида қиличбозлик бўйича Ўзбекистон кубоги доирасида рапира бўйича жамоавий мусобақалар ўтказилди. 23 жамоа иштирок этган баҳсларда эркаклар ва аёллар ўртасида Тошкент-1 жамоаси шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олди. Бугун, 27 ноябрь куни мусобақа доирасида шпага бўйича шахсий баҳслар бошланади.
***
Қўл жанги: Туркиянинг Бурса шаҳрида қўл жанги бўйича ўтказилган жаҳон чемпионати ва Жаҳон кубогида Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятли иштирок этиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган спортчилар ва мураббийлар Ўзбекистон қўл жанги федерацияси раиси, Миллий гвардия қўмондони генерал-полковник Б. Тошматов томонидан тантанали равишда тақдирланди.
***
Теннис: Осиё теннис федерациясининг ривожланиш бўйича ижрочи директори Пунит Гупта ҳамда федерация президенти фаолияти масалалари бўйича ижрочи директор Манприт Кандҳари Тошкентга ташриф буюрди. Ташриф доирасида делегация Ўзбекистон теннис федерацияси раиси Ботир Раҳимов бошчилигидаги федерация раҳбарияти билан учрашди. Мулоқотда теннисни ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва спорт соҳасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
***
Автоспорт: 28–29 ноябрь кунлари Тайваннинг Тайбэй шаҳрида Asia Auto Gymkhana Championship 2026 мусобақасининг якуний босқичи бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон шарафини Олим Аҳмаджонов, Дилшод Юсупов, Сабина Юсупова ва Самина Аҳмаджонова ҳимоя қилади. Эслатиб ўтамиз, спортчиларимиз чемпионатнинг Гонконгда ўтган аввалги босқичида эркаклар ва аёллар жуфтлик баҳсларида иккита кумуш медалга сазовор бўлган. Бу натижа орқали Ўзбекистон терма жамоаси умумий ҳисобда иккинчи ўринни сақлаб қолган.
***
Бокс: 28 ноябрь куни Тошкентда бокс бўйича Жаҳон кубогининг финал босқичига старт берилади. Мусобақа олдидан бугун, 27 ноябрь куни Олимпия шаҳарчасидаги «Янги Тошкент» залида соат 16:00 да эса қуръа ташлаш маросими ўтказилади. Жаҳон кубогининг финал босқичида кучли чарм қўлқоп усталари ғолиблик учун баҳс олиб боради.
***
Футбол: Миллий футбол марказида республика ва ҳудудий футбол академиялари мутахассислари учун иқтидорли ёш футболчиларни аниқлаш ва саралаш бўйича семинар ўтказилди. Унда ёш футболчиларнинг техник, тактик, жисмоний ва психологик имкониятларини баҳолаш, уларнинг ривожланиш салоҳиятини аниқлаш ҳамда селекция жараёнида замонавий усуллардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
***
Спорт гимнастикаси: Халқаро ҳамкорлик ва спорт тажрибаси алмашинуви доирасида Арманистон спорт гимнастикаси терма жамоасининг ўқув-машғулот йиғини Тошкент шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Машғулотлар спортчиларнинг маҳоратини ошириш, техник ва жисмоний тайёргарлигини такомиллаштириш, шунингдек, икки мамлакат спорт ташкилотлари ўртасидаги профессионал алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган.
***
«Беш ташаббус олимпиадаси»: Хоразм вилоятида олий таълим муассасалари талабалари ўртасида «Беш ташаббус олимпиадаси» спорт мусобақаларининг республика финал босқичи давом этмоқда. Абду Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети, Урганч олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳамда «Ёшлик» спорт мажмуасида ташкил этилган беллашувларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган 700 нафардан зиёд талаба мини-футбол, волейбол, стритбол, стол тенниси ва енгил атлетика бўйича ўзаро куч синашмоқда.
***
Таэквондо WT: Қозоғистоннинг Остона шаҳрида таэквондо WT бўйича якуний Гран-при мусобақаси бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари 28–29 ноябрь кунлари баҳсларга киришади. Мусобақанинг илк кунида -68 килограмм вазнда Нажмиддин Қосимхўжаев, -80 килограммда Жасурбек Жайсунов, -57 килограммда Мадина Мирабзалова ва +67 килограммда Светлана Саидова татамига чиқади. 29 ноябрь куни эса +80 килограмм вазнда Марат Мавлонов ҳамда -67 килограммда Озода Собиржонова юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА