Суперлигада тур якунига етмоқда: пешқадамлар ҳолати
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 29-тур учрашувлари бугун бошланади ва 29 ноябрь кунига қадар давом этади.
Жумладан, 27 ноябрь куни «Қўқон-1912» — «Хоразм» ва «Бухоро» — «Машъал» баҳслари бўлиб ўтади. Мазкур учрашувлар маҳаллий вақт билан соат 17:00 да бошланади.
28 ноябрь куни «Нефтчи» ўз майдонида «Динамо»ни, «Қизилқум» эса «Пахтакор» ўз майдонида қабул қилади. 29 ноябрь куни эса «Сурхон» — «Локомотив», «Насаф» — ОКМК, «Андижон» — «Бунёдкор» ва «Сўғдиёна» — «Навбаҳор» баҳсидан сўнг тур ўз якунига етади.
Эслатиб ўтамиз, 28-тур якунларига кўра «Нефтчи» 64 очко билан мусобақа жадвалида карвонбошилик қилаётир. «Пахтакор» жамоаси 59 очко билан иккинчи, «Навбаҳор» эса 58 очко жамғариб учинчи ўриндан жой олган.
Шунингдек, «Насаф» 48 очко билан тўртинчи, «Локомотив» 46 очко билан бешинчи ўринни эгаллаган. Кейинги поғоналарни ОКМК — 45, «Бухоро» — 43, «Қизилқум» — 38, «Динамо» — 37, «Сўғдиёна» — 33 очко тўплаб, банд этган. «Сурхон» ва «Андижон» 32 очкодан жамғарган. «Бунёдкор» 29, «Хоразм» 27, «Қўқон-1912» 24 очко билан кейинги ўринларга тақсимланган бўлса, «Машъал» 5 очко эвазига жадвалнинг сўнгги поғонасида қолмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА