Урбанизация ва барқарор тараққиёт: шаҳарсозликда нималар муҳим?
Бугунги кунда Ўзбекистонда урбанизация жараёнлари жадаллашиб, шаҳарлар қиёфаси тубдан ўзгармоқда. Янги турар жой мажмуалари, замонавий инфратузилма объектлари ва транспорт тармоқларининг барпо этилиши аҳоли учун қулай яшаш муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, шаҳарларнинг кенгайиши транспорт тирбандлиги, муҳандислик тармоқларига ортиб бораётган юклама, экологик барқарорлик ва ижтимоий инфратузилмадан самарали фойдаланиш каби масалаларга янгича ёндашувни тақозо этмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) доирасида белгиланган 11 мақсад – шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг очиқлиги, хавфсизлиги, барқарорлиги ҳамда экологик чидамлилигини таъминлаш айнан шу вазифалар билан чамбарчас боғлиқ.
Хўш, мамлакатимиз шаҳарларни барқарор ривожлантиришда қайси йўналишларга устувор аҳамият қаратиш лозим? Транспорт муаммоларини ҳал этиш, ҳудудлар ўртасида иқтисодий имкониятларни мутаносиб тақсимлаш ва иқлим ўзгаришига мослашган шаҳар муҳитини шакллантиришнинг қандай самарали механизмлари мавжуд?
Ушбу саволлар юзасидан Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи Муслим Эргашбоев билан суҳбатлашдик.
– Юртимизда шаҳарлар жадал ривожланмоқда. Сизнингча, БРМнинг 11 мақсадига эришишда қайси масалаларга устувор аҳамият қаратиш лозим?
– Аввало, таъкидлаш керакки, шаҳарларнинг ривожланиш даражасини фақат қурилган уй-жойлар, йўллар ёки ижтимоий объектлар сони билан баҳолаш етарли эмас. Асосий масала - уларнинг ўзаро боғлиқлиги ва мавжуд инфратузилмадан қанчалик самарали фойдаланилаётганидир. Масалан, янги турар жой мажмуаси қурилиши аҳоли сонининг ортишига, бу эса мактаблар, тиббиёт муассасалари, жамоат транспорти ва муҳандислик тармоқларига қўшимча юклама тушишига олиб келади.
Агар ушбу эҳтиёжлар олдиндан ҳисобга олинмаса, қурилиш кўламининг кенгайиши аҳоли учун янги муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Шу боис, йирик лойиҳаларни режалаштиришда мавжуд инфратузилманинг қуввати, келгусидаги аҳоли сони ва қўшимча хизматларга бўлган талаб биргаликда баҳоланиши лозим.
Яна бир масала – шаҳар инфратузилмаси кўпинча маъмурий чегаралардан ташқарида ҳам аҳолига хизмат кўрсатади. Бир ҳудудда қурилган йўл, транспорт тармоғи ёки сув таъминоти объектидан қўшни ҳудуд аҳолиси ҳам фойдаланиши мумкин. Бироқ уни барпо этиш ва сақлаш харажатлари аксар ҳолларда муайян маҳаллий бюджет зиммасига тушади.
Шу нуқтаи назардан, ҳудудлараро инфратузилмани биргаликда молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш лозим. Қўшни шаҳар ва туманлар умумий фойдаланиладиган объектлар бўйича инвестиция келишувларини тузиб, харажатларни аҳоли сони, инфратузилмадан фойдаланиш кўлами ва молиявий имкониятлардан келиб чиқиб тақсимлаши мумкин. Бу айниқса, жамоат транспорти, сув таъминоти, оқова сувларни тозалаш ва чиқиндиларни қайта ишлаш соҳаларида самарали натижа беради.
– Йирик шаҳарларда транспорт тирбандлигини камайтиришнинг қандай амалий йўллари бор, деб ўйлайсиз?
– Транспорт тирбандлигини фақат автомобиль йўлларини кенгайтириш орқали бартараф этиб бўлмайди, албатта. Аввало, транспорт оқимларини юзага келтираётган иқтисодий омилларни ҳам ўрганиш керак. Хусусан, йирик улгуржи савдо объектлари ва омборхоналарнинг аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда жойлашиши автомобиллар ҳаракатини кўпайтиради. Шу сабабли, автомобиль магистраллари ва темир йўл юк станцияларига яқин ҳудудларда замонавий савдо-логистика марказларини ривожлантириш мумкин.
Бундай марказларда маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш, саралаш ва етказиб бериш жараёнларини бирлаштириш орқали шаҳар ичидаги ортиқча юк ташиш ҳаракатини камайтиришга эришилади. Электрон савдо платформалари ва автоматлаштирилган омбор тизимлари эса товар айланмасини янада самарали ташкил этишга хизмат қилади.
Иккинчи йўналиш – жамоат транспортининг турли тармоқларини ягона тизим сифатида ривожлантириш. Масалан, шаҳарга кириш йўлларида автомобилларни қолдириб, жамоат транспортига ўтиш имконини берувчи транспорт алмашиш нуқталарини ташкил этиш ҳам тирбандликни камайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, сунъий интеллект ёрдамида транспорт оқимини таҳлил қилиш, светофорларни йўлларнинг ҳақиқий бандлик даражасига қараб бошқариш ва жамоат транспортига ҳаракатда устуворлик бериш имкониятларини кенгайтириш лозим. Бунда асосий мезон йўлларнинг ўтказувчанлиги эмас, балки аҳолининг кундалик қатновга сарфлайдиган вақти қисқариши керак.
– Шаҳарларда болалар хавфсизлигини таъминлаш борасида қандай таклифларингиз бор?
– Шаҳар муҳитининг хавфсизлиги, аввало, болалар, кексалар ва ҳаракатланиш имконияти чекланган фуқаролар учун яратилган шароитларда намоён бўлади. Масалан, мактаб олдида пиёдалар ўтиш жойининг мавжудлиги боланинг уйидан мактабгача бўлган бутун йўл хавфсизлигини англатмайди. Бу йўналишда пиёдалар йўлакчасининг узлуксизлиги, кўчаларнинг ёритилиши, транспорт тезлиги ва хавфли чорраҳалар ҳолати биргаликда баҳоланиши керак.
Айрим ҳудудларда дарслар бошланиши ва тугаши вақтида мактаблар атрофида автомобиль ҳаракатини вақтинча чеклаш, болаларни хавфсиз тушириш ва олиб кетиш жойларини ташкил этиш, пиёдалар учун ҳимояланган йўлаклар барпо этиш мумкин. Бундай ечимлар мактаб атрофидаги алоҳида объектни эмас, балки болаларнинг кундалик қатнов йўналишини тўлиқ қамраб олиши лозим.
Бу борада рақамли моделлаштириш технологияларидан кенгроқ фойдаланиш мумкин. Масалан, янги йўл, мактаб ёки турар жой мажмуаси қурилишидан олдин унинг транспорт ҳаракати, пиёдалар хавфсизлиги ва ижтимоий инфратузилмага таъсирини компьютер модели орқали баҳолаш мумкин. Шаҳарнинг рақамли моделида аҳоли зичлиги, транспорт оқимлари, хавфли чорраҳалар ва мактабларга қатнов йўналишлари акс эттирилса, турли ечимларни амалга оширишдан аввал уларнинг эҳтимолий натижаларини солиштириш имкони пайдо бўлади.
Масалан, муайян кўчада автомобиль ҳаракати чекланганда транспорт оқими қайси йўналишларга тақсимланиши ёки янги турар жой қурилиши яқин атрофдаги мактаблар фаолиятига қандай таъсир кўрсатишини олдиндан ҳисоблаш мумкин. Рақамли моделлардан кучли ёғингарчилик оқибатларини баҳолаш, эвакуация йўналишларини белгилаш ва тезкор хизматлар ҳаракатини режалаштиришда ҳам фойдаланса бўлади.
– Пойтахтда таълим ва иқтисодий имкониятларнинг жамланиши ҳудудлар ривожланишига қандай таъсир кўрсатади?
– Иқтисодий ва илмий фаолиятнинг йирик шаҳарларда жамланиши табиий жараён. Бироқ таълим муассасалари, ишлаб чиқариш корхоналари ва юқори малакали иш ўринларининг асосан пойтахтда тўпланиши уй-жой ҳамда транспорт инфратузилмасига қўшимча босим келтириб чиқаради. 2025-2026 ўқув йили бошида мамлакатимизда фаолият юритган 215 та олий таълим ташкилотининг 98 таси Тошкент шаҳрида жойлашган. Бу кўрсаткич ҳудудларда таълим ва илмий-тадқиқот имкониятларини янада кенгайтириш зарурлигини кўрсатади.
Фикримча, бунинг учун таълим ва саноат сиёсатини ўзаро боғлиқ ҳолда ривожлантириш керак. Масалан, тўқимачилик саноати ривожланган водий вилоятларида соҳага ихтисослашган таълим ва тадқиқот имкониятларини кенгайтириш, Навоийда муҳандислик ва саноат технологиялари, Қашқадарёда энергетика ҳамда агросаноат йўналишларини кучайтириш мумкин.
Олий таълим муассасалари ва корхоналар ўртасида қўшма лабораториялар, амалий тайёргарлик дастурлари ҳамда илмий лойиҳаларни ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, айрим ишлаб чиқариш, логистика ва хизмат кўрсатиш фаолиятини иқтисодий салоҳияти юқори бўлган ҳудудларда жойлаштиришни рағбатлантириш лозим. Бу жараёнда муҳандислик тармоқларига уланиш, солиқ енгилликлари ва мутахассисларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини биргаликда кўриб чиқиш лозим.
Асосий масала Тошкентнинг иқтисодий мавқеи ёки пойтахтда яшаш имкониятларини чеклаш эмас, балки бошқа шаҳарларда ҳам сифатли таълим, муносиб иш ўринлари ва иқтисодий ўсиш учун шароит яратишдир.
Ҳудудларни ривожлантиришда эса уларнинг иқтисодий ихтисослашуви, табиий шароити ва мавжуд имкониятларидан келиб чиқиш керак. Фарғона водийсида саноат корхоналари ўртасидаги кооперацияни кучайтириш, юк ташиш йўналишларини мувофиқлаштириш ва энергетика инфратузилмасини ишлаб чиқариш эҳтиёжларига мос ривожлантириш долзарб.
Самарқанд ва Бухорода эса туристик инфратузилмани такомиллаштириш билан бирга, тарихий-маданий меросни муҳофаза қилиш, транспорт ҳаракатини тартибга солиш ва тарихий шаҳар муҳитини асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади. Бундай ёндашув ҳар бир шаҳарнинг иқтисодий салоҳиятидан тўлиқроқ фойдаланиш имконини беради.
– Иқлим ўзгариши шароитида шаҳар инфратузилмасини қандай такомиллаштириш мумкин?
– Ўлкамизнинг табиий иқлим шароити шаҳарсозликда ўзига хос ечимларни талаб этади. Айниқса, ёз жазирамаси, баъзи ҳудудларда сув ресурсларининг чекланганлиги ва кучли ёғингарчилик оқибатларини ҳисобга олиш муҳим. Бу борадаги йўналишлардан бири – ёғин сувларидан оқилона фойдаланиш.
Пиёдалар йўлаклари ва автотураргоҳларда сув ўтказувчан қопламалардан, жамоат ҳудудларида эса ёғин сувини вақтинча ушлаб қолувчи махсус ландшафт майдонларидан фойдаланиш мумкин. Бундай ечимлар сувни оқизиш тармоқларига тушадиган юкламани камайтириш билан бирга, тупроқда намлик сақланишига ҳам хизмат қилади.
Шаҳар муҳитини табиий совитиш ҳам истиқболли йўналишлардан биридир. Бунинг учун алоҳида яшил ҳудудлар барпо этиш билан чекланмай, уларни пиёдалар йўлаклари, сув объектлари ва сояли жамоат маконлари орқали ўзаро боғлаш лозим. Шаҳар каналлари атрофида пиёдалар учун қулай ҳудудларни ривожлантириш, йирик автомобиль йўллари бўйлаб дарахт ва буталардан иборат кўп қатламли яшил ҳимоя майдонларини шакллантириш, айрим муҳандислик иншоотларида вертикал кўкаламзорлаштириш технологияларини қўллаш мумкин.
Шунингдек, замонавий қурилишда анъанавий меъморчиликнинг иқлимга мослашган ечимларидан, жумладан, сояли ички ҳовлилар, айвонлар ва табиий ҳаво алмашинувини таъминловчи конструкциялардан фойдаланиш энергия сарфини камайтиришга ёрдам беради. Албатта, бундай технологиялар маҳаллий иқлим, сув сарфи ва техник хизмат кўрсатиш харажатлари ҳисобга олинган ҳолда татбиқ этилиши керак.
Умуман, БРМнинг 11 мақсадига эришиш учун шаҳарларни иқтисодий, ижтимоий ва экологик жараёнлар ўзаро боғланган яхлит тизим сифатида бошқариш талаб этилади. Бунда қурилиш кўлами эмас, балки транспорт қулайлиги, инфратузилма ишончлилиги, аҳоли хавфсизлиги ва иқтисодий имкониятларнинг кенгайиши асосий мезон бўлиши лозим.
Ў.Алимов суҳбатлашди.
ЎзА