"GetYourGuide" платформасида Ўзбекистон туристик маҳсулотлари тури кенгаймоқда
Туризм қўмитаси кўмагида халқаро “GetYourGuide” платформасида Ўзбекистон туризм маҳсулотларининг тури ортиб бормоқда.
Аввал платформада асосан гастрономик йўналишдаги маҳсулотлар тақдим этилган бўлса, эндиликда туристик хизматларнинг бошқа турлари ҳам қўшилмоқда.
Хусусан, платформада ҳунармандчилик устахоналари, гиламдўзлик, кулолчилик ва зардўзлик бўйича маҳорат дарслари, соз устахоналари, меҳмон уйлари, узумчилик, пичоқ ясаш, гулчиликка ихтисослашган маҳаллалар маҳаллий ҳаёт билан таништирувчи саёҳатлар ўрин олмоқда. Улар қаторида Хоразм воҳасидаги 3 минг йиллик тарихга эга қадимий қудуқ каби ноёб объектлар ҳам бор. Бугунги кунга қадар платформада рўйхатдан ўтган туристик маҳсулотлар сони 150 тадан ошди.
Туризм қўмитаси маълумотига кўра, “Gastro Marketplace” лойиҳаси доирасида маҳаллий аҳоли ва туризм соҳаси вакиллари учун “GetYourGuide” платформасига мустақил уланиш бўйича ўқув видеоролик тайёрланган эди. Ушбу қўлланмадан бугун нафақат гастрономия, балки бошқа йўналишдаги тадбиркорлар, ҳунармандлар ва оилавий бизнес эгалари ҳам фойдаланиб, ўз хизматларини воситачиларсиз халқаро аудиторияга тақдим этмоқда. “GetYourGuide” дунёдаги энг йирик экскурсия ва фаол дам олиш хизматларини брон қилиш платформаларидан бири ҳисобланади. Маҳаллий маҳсулотларнинг унда пайдо бўлиши хорижий сайёҳларга Ўзбекистоннинг маданияти, ҳунармандчилиги ва анъаналари билан яқиндан танишиш имконини беради, маҳаллий аҳоли учун эса қўшимча даромад манбаига айланади.
ЎзА мухбири Муҳайё Тошқораева тайёрлади.