Сергелида 5 гектарлик дам олиш маскани қурилмоқда
Пойтахтимизнинг Сергели тумани Қумариқ маҳалласида сунъий кўл ва аҳоли учун дам олиш ҳудуди барпо этилмоқда. Мажмуанинг умумий майдони 5 гектар бўлиб, сув ҳавзаси 17 минг квадрат метрни эгаллайди.
Ҳудудда болалар майдончалари, шийпонлар ва барбекю зоналари ташкил этилади. Шунингдек, қуёш панеллари, сувни тозалаш ва озонлаш тизимларини ўрнатиш кўзда тутилган. Асосий ишларнинг 30 фоиздан ортиғи бажарилган. Ҳозир конструкцияни арматуралаш ва мустаҳкамлаш, тиргак деворини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Объектни йил охиригача қуриб битказиш режалаштирилган. Сув ҳавзаси атрофда чангни камайтириш, ҳавони намлантириш ва қулай микроиқлим яратишга хизмат қилиши кутилмоқда. Дам олиш масканида сайр қилиш ва спорт билан шуғулланиш учун ҳам шароит яратилади.
Геологик тадқиқотлар ушбу ер майдони лойиҳани амалга оширишга мос келишини тасдиқлади. Ноябрь ойига қадар деворнинг 800 метрга яқин қисмини битириш ва сув ҳавзаси тубидан тупроқни тўлиқ чиқариб кетиш режалаштирилган.
Ишлар доимий назорат остида олиб борилмоқда, аниқланган камчиликлар ўз вақтида, жойида бартараф этилмоқда. Лойиҳани амалга оширишнинг барча босқичларида аҳоли қулайлиги, экологик талаблар ва қонунчиликка риоя этилиши таъминланмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА