Газетхонлар даврасида
Жамият ҳаётида матбуотнинг ўрни у хабар қилган воқеалар билангина эмас, балки одамларни ўйлантирган, муаммоларга ечим излашга ундаган ва инсон манфаатларини нечоғлиқ ҳимоя қила олгани билан ҳам белгиланади. Газетхон ишончи эса бир кунда қозонилмайди: у холис ахборот, дадил таҳлил, ҳаётий мақолалар ва жамоатчилик дардига бефарқ бўлмаган журналистик ёндашув орқали шаклланади. Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари кунлари доирасидаги давра суҳбатида ҳам ана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда касаба уюшмалари фаоллари, газетхонлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, нашрлар таҳририяти ходимлари иштирок этди. Мулоқотда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси муассислигида чоп этилаётган мазкур газеталарнинг жамият ҳаётидаги ўрни, меҳнаткашлар ҳуқуқ ва манфаатларини ёритишдаги вазифаси ҳамда замонавий ахборот маконидаги имкониятлари муҳокама қилинди.
Федерациянинг Жиззах вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Аъзам Ихтиёров, “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари таҳририяти бош муҳаррири ўринбосари Дармон Иброҳимов, таҳририят бош ҳисобчиси Исомиддин Суюнов ва бошқалар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Қайд этилганидек, бугун матбуотнинг асосий вазифаси воқеаларни шунчаки баён қилиш билан чекланмайди. Уларнинг мазмун-моҳиятини очиш, ислоҳотларнинг инсонлар ҳаётидаги ифодасини кўрсатиш, меҳнат жамоаларидаги муаммоларни жамоатчилик эътиборига олиб чиқиш ҳам муҳимдир. “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари саҳифаларида мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар, касаба уюшмаларининг ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш ва ижтимоий ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги фаолияти ёритиб келинмоқда.
Нашрларнинг жамоатчилик орасидаги мавқеи, аввало, ҳаёт билан ҳамнафас бўлиш, одамларни қийнаётган масалаларни кўтариш ва уларга нисбатан бефарқ бўлмаслик билан боғлиқ. Шу маънода, таҳририятнинг муаммо ва камчиликларни холис ёритишга қаратилган ёндашуви матбуотнинг жамоатчилик назоратидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
[gallery-31977]
Бугун ахборот истеъмолчисининг талаби ҳам ўзгарган. У янгиликни тезкор олиш билан бирга, воқеанинг сабаблари, оқибатлари ва ҳаётга таъсирини ҳам билишни истайди. Шу боис “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари фаолияти фақат босма нашр билан чекланиб қолмаяпти. Таҳририятнинг расмий веб-сайти, Telegram, Instagram ва YouTube каналлари орқали мамлакатимиз ва дунёдаги долзарб воқеалар мунтазам ёритилмоқда. Кўрсатувлар тайёрлашга ихтисослашган студия эса аудитория билан мулоқотнинг янги шаклларини ривожлантириш имконини бермоқда.
Давра суҳбатида мазкур натижаларга эришишда газеталар муассиси – Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг қўллаб-қувватлови муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Айни пайтда нашрлар нуфузини оширишда ижодий жамоанинг изланиши, долзарб мавзуларни танлай билиши ва ўқувчи билан ишончли мулоқот ўрнатиши ҳал қилувчи аҳамият касб этиши қайд этилди.
Мулоқотнинг амалий қисмида газеталар мазмунини янада бойитиш юзасидан таклифлар билдирилди. Жаҳон ва мамлакатимизда юз бераётган воқеаларнинг сабаб-оқибатларини чуқур таҳлил қилиш, журналистик суриштирувлар ўтказиш, ҳаётий муаммоларни очиб берувчи мақолалар, шунингдек, тақдири ва фаолияти бошқаларга ибрат бўла оладиган инсонлар ҳақида интервьюлар тайёрлаш зарурлигига эътибор қаратилди. Бундай ёндашув газетани шунчаки ахборот манбаи эмас, балки муштарий билан фикрлашадиган, унинг саволларига жавоб излайдиган минбарга айлантиради.
Тадбирда обуна масаласи ҳам четда қолмади. “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталарига обунани ташкил этишда фаоллик кўрсатаётган касаба уюшмалари бошланғич ташкилотлари раислари ҳамда фаолларга таҳририят совғалари топширилди. Шунингдек, нашрларни обуначиларга ўз вақтида етказиб бериш масаласи муҳокама қилиниб, газетхон билан барқарор алоқани таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.
Жиззахдаги мулоқотдан англашилган асосий хулоса шуки, матбуотга ишончни сақлаш ва мустаҳкамлаш учун мазмун, холислик ва масъулият бир-бирини тўлдириши лозим. Замон ўзгаради, ахборот тарқатиш воситалари янгиланади, аммо ўқувчининг ҳаққоний сўзга бўлган эҳтиёжи ўзгармайди. Ана шу эҳтиёжга муносиб жавоб бериш эса ҳар бир таҳририятнинг кундалик вазифаси, журналистнинг эса касбий бурчидир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари